Вазирлар Маҳкамасининг «Оқилона истеъмол» дастурида тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва бошқа шу каби тадбирлар «белгиланган тартиб» асосида қатъий назоратга олиниши белгиланди. Тартиб 2021 йилда ўрнатилган.
2025-2026 ўқув йили учун бакалавриатга кириш имтиҳонларида 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ ўқишга киролмаган абитуриентлар вакант ўринлар қолган бакалавриат таълим йўналишларига танловда иштирок этиши мумкин.
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Тўй маросимлари ва оилавий тадбирларни ўтказиш қатъий назоратга олинади
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги қарори билан «Оқилона истеъмол» дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда дастур доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва бошқа шу каби тадбирлар белгиланган тартиб асосида қатъий назоратга олиниши белгиланган.
Дастурга кўра, тўйлар, оилавий тантана ва маросимлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгаши қўшма қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилиши шарт. Ушбу низомда оилавий тадбирларда 200 нафаргача, шу муносабат билан бериладиган ош маросимида эса 250 нафаргача иштирокчи қатнашиши мумкинлиги кўрсатилган. Қўшалоқ тўй ва ҳашарларда 250 нафаргача, унга боғлиқ ош маросимида эса 300 нафаргача меҳмон бўлиши мумкин.
1 ноябрдан аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ташкил этилади
Президентнинг «Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Рўйхатга олишнинг асосий мақсадлари - мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш учун 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида Европа статистиклари конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида ягона маълумотлар базасини шакллантириш.








