Таиланд Молия вазирлиги мамлакатдан чиқиб кетувчи йўловчилар, шу жумладан хорижликлар учун ҳам янги солиқ жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Таиланднинг The Nation нашри қонун лойиҳасига таяниб хабар берди.
Қонун лойиҳасига кўра, янги солиқ дастлаб 1000 бат миқдорида белгиланади. Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 30 АҚШ долларига тенг. Кейинчалик солиқ миқдори 5000 батгача оширилиши мумкин.
Солиқ Таиланддан самолётда учиб кетаётган барча йўловчилардан, хусусан хорижлик сайёҳлардан ҳам ундирилиши режалаштирилган. Қуруқлик ёки денгиз орқали чиқиб кетувчилар дастлабки босқичда солиққа тортилмайди.
Қонун лойиҳасида айрим тоифадаги шахслар учун имтиёзлар назарда тутилган. Хусусан, Таиланд қироллик оиласи аъзолари ва уларнинг ҳамроҳлари, мамлакат буддистлар сангхасининг олий патриархи, хорижий давлатлар раҳбарлари, расмий ҳукумат меҳмонлари ҳамда 2 ёшга тўлмаган болалар солиқдан озод қилинади.
Шунингдек, махсус транзит ҳудудидан чиқмайдиган халқаро транзит рейслари йўловчилари, самолёт экипажи аъзолари ва бошқа транспорт ходимларидан ҳам Таиланддан чиқиш солиғи ундирилмайди.
Солиқ жисмоний шахслардан улар Таиланддан чиқиб кетишидан олдин ундирилиши кўзда тутиляпти. The Nation маълумотига кўра, одатда бу тўлов авиачипта харид қилинаётганда авиакомпания ёки чипта сотувчи агент томонидан ундирилиши мумкин.
Солиқни тўламаганлик учун унинг миқдоридан икки баравар кўп жарима белгиланиши режалаштирилган.
Қонун лойиҳаси ҳозирча кўриб чиқилмоқда – якуний қарор қабул қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Таиланд ҳукумати дунёнинг 93 мамлакати, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни 2026 йил 15 сентябрдан бекор қилган.















