Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишга юбориладиган ватандошлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (20 млн 600 минг сўм) миқдорида хизмат ҳақи ундирмоқда.
Бу ҳақда агентлик директори Беҳзод Мусаев томонидан 2025 йил 24 июл куни имзоланган буйруққа асосланиб, Vatandosh нашри хабар берди.
ХДФУ (“Хизмат доирасида фойдаланиш учун”) мақомидаги 106-сонли буйруқда Миграция агентлиги томонидан хорижга ишга юбориш хизматлари учун тарифлар белгиланган.
Мазкур тарифларга кўра, Жанубий Кореяга E-9 визаси асосида ишга юбориладиган Ўзбекистон фуқаролари Миграция агентлигига жами 50 БҲМ миқдорида хизмат ҳақи тўлаши белгиланган. Шундан 40 БҲМ хорижда ишга жойлаштириш хизмати учун, яна 10 БҲМ эса кетишдан олдинги ўқитиш ва мослаштириш хизмати учун ундирилади.

“Бир қарашда бу оддий тарифдек кўриниши мумкин. Бироқ ушбу буйруқда бошқа давлатлар учун белгиланган хизмат ҳақлари билан таққосланганда фарқ жуда катта экани кўринади.
Масалан, Японияга ишга юбориш хизмати учун жами 10 БҲМ белгиланган. Туркияга ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси орқали юбориладиган фуқаролардан эса атиги 3 БҲМ ундирилади. Европа давлатлари, Россия Федерацияси ҳамда қатор араб мамлакатларига юборилаётган фуқаролар учун эса 2026 йил охиригача агентлик хизматлари бўйича умуман тўлов белгиланмаган”, – дея ёзади Vatandosh.
Нашр бу борада бир қатор саволларни ўртага ташлаган:
- Нега айнан Жанубий Корея учун хизмат ҳақи бошқа йўналишларга нисбатан бир неча баравар юқори? Нима учун Япония учун 10 БҲМ етарли деб ҳисобланган бўлса, Корея учун 50 БҲМ зарур деб топилган? Бу тариф қандай иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида шаклланган?
“Давлат органи томонидан белгиланадиган ҳар қандай тўлов субектив мулоҳазалар билан эмас, аниқ иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланиши лозим. Чунки гап хусусий компания белгилаган нарх ҳақида эмас, давлат идораси фуқаролардан мажбурий тартибда ундирадиган хизмат ҳақи ҳақида кетмоқда”, – дея қайд этган журналистлар.











