Йиғилишда қайд қилинишича, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари сони ортиб бораётгани, шаҳар кенгайиши ва жамоат транспортига талаб ошиши метрополитенни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда 2030 йилгача метрополитенда кунлик йўловчилар сонини 1,8 миллион нафарга етказиш, метро бекатлари сонини 79 тага, линиялар узунлигини 103 километргача ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, поездлар ҳаракати интервалини босқичма-босқич 1,5-3 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган.

Метрополитен инфратузилмасини яхшилаш ва молиявий соғломлаштириш бўйича ҳам қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, 2026-2028 йилларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқаро муҳофазаси объектлари техник базасини такомиллаштириш чоралари кўрилади.

Йўловчилар хавфсизлигини кучайтириш мақсадида “Шаҳристон” метро бекати платформаларида синов тариқасида ойнали ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш таклиф этилди. Халқаро тажрибага кўра, бундай тўсиқлар платформалардаги бахтсиз ҳодисаларни 80-90 фоизгача камайтириш имконини беради. Шу билан бирга, улар қўшимча реклама майдонларини яратиш орқали даромадларни оширишга ҳам хизмат қилади.

Яна бир муҳим йўналиш – янги линиялар қурилиши. Хусусан, “Мингўрик – Чилонзор буюм бозори” метрополитен линияси бўйича лойиҳа баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Биринчи босқичда “Мингўрик – Жанубий вокзал” йўналиши, иккинчи босқичда эса “Жанубий вокзал – Чилонзор буюм бозори” йўналишини қуриш имкониятлари ўрганилади.

Метрополитенда қўшимча даромад манбаларини шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вагон ва платформаларда рақамли реклама майдонларини аукцион орқали хусусий секторга ижарага бериш, метро бекатларида вендинг аппаратлари, кичик савдо объектларини жойлаштириш, станциялар олдида автотураргоҳлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, бўш турган бино ва хоналарни коворкинг ва кичик офис сифатида тадбиркорларга аукцион асосида ижарага бериш таклиф этилди.

Автотранспортдан метро тизимига қулай ўтишни таъминлаш мақсадида “Park&Ride” тизимини йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Тақдимотда ҳаракат таркибларини янгилаш ва электродепо қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 2027-2030 йилларда метрополитен учун талаб этиладиган ҳаракат таркибларини харид қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Шу муносабат билан янги ҳаракат таркиблари учун электродепо қуришга зарур ер майдони ажратилади.