Икки Ҳарам атрофидаги хавотирлар: Мадинада дрон қулади, Маккада эса ваҳима тарқатган шахс ушланди
|16:135 9579 мин
Саудия Арабистонидан жойлашган Ислом оламининг икки муқаддас шаҳри – Макка ва Мадина сўнгги кунларда хавфсизлик билан боғлиқ хабарлар сабаб эътибор марказига тушди.
Маккадаги воқеа 1 октябр куни ижтимоий тармоқларда тез тарқалган видео ва ундаги даъволардан бошланди. Anadolu агентлигининг ёзишича, ушбу постларда портловчи камар таққан гумондор Масжидул Ҳаром марказидаги Каъбага яқинлашгани ва хавфсизлик ходимлари уни қўлга олгани айтилган. Айрим саҳифалар эса “Масжидул Ҳаромда худкуш ҳужумнинг олди олинди“, деб ёзган.
Бунга жавобан Саудия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоат хавфсизлиги бошқармаси қисқа баёнот ва видео эълон қилди. Унда “муқаддас пойтахтдаги хавфсизлик идоралари ўткинчиларни безовта қилган ва улар орасида қўрқув ҳамда ваҳима тарқатган шахсни қўлга олди, ўша заҳоти чоралар кўрилди“, дейилади. Саудия расмийларига кўра, унинг иши прокуратурага оширилган.
Бошқарма баёнотида, шунингдек, “воқеа юзасидан тарқатилаётган даъволарда ҳеч қандай ҳақиқат йўқ”, дея таъкидланган ва одамлар маълумотни фақат расмий манбалардан олишга чақирилган.
Расмий баёнотда бир қанча масалаларга изоҳ берилмаган. Хусусан, қўлга олинган шахснинг кимлиги ва фуқаролиги очиқланмаган. Бундан ташқари, воқеа айнан Масжидул Ҳаром ичида ёки шаҳарнинг бошқа қисмида содир бўлгани ҳам аниқ кўрсатилмаган. Расмий баёнотда фақат “муқаддас пойтахт“, яъни Макка шаҳри тилга олинган. Шунингдек, расмийлар бу ҳибсни ҳусийлар ёки бошқа бирор гуруҳ билан боғламаган.
RT Arabic телеканалининг ёзишича, ижтимоий тармоқларда “худкуш” видеоси сифатида тарқатилган лавҳа фейк – у бошқа, 2017 йилги воқеага тегишли.
Мадинада эса дрон ҳужуми
1 октябр куни Мадинадаги воқеа ҳақида расмий айблов эълон қилинди. Саудия бошчилигидаги коалиция расмий вакили генерал-майор Турки ал-Маликий ҳусийлар Мадинадаги “Тойба“ электр тақсимлаш станциясига дрон билан ҳужум қилганини маълум қилди.
Мавзуга оид
Ал-Маликийнинг айтишича, ҳужум 29 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 05:11 да содир бўлган.
Reuters'нинг коалицияга таяниб ёзишича, мазкур фуқаролик объекти Масжидун Набавийни электр энергияси билан таъминлайди. Дрон зарбаси натижасида битта трансформатор ишдан чиққан, бироқ умумий электр тармоғига таъсир қилмаган.
Фото: SPA / Reuters
Ҳужум сешанба куни содир бўлган бўлса-да, у ҳақда фақат икки кундан кейин расман маълум қилинди. Ал-Маликийнинг сўзларига кўра, ваколатли идоралар оператив таҳлил ўтказиб, дрон қолдиқларини ўрганган ва ҳусийларнинг ҳужумни режалаштириш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этганини аниқлаган. Саудия давлат ахборот агентлиги станцияга етказилган зарар ва дрон қолдиқлари акс этган суратларни тарқатди.
Фото: SPA / Reuters
Расмий вакил ҳужумни кескин баҳолади. “Масжидун Набавийни электр билан таъминловчи фуқаролик объектини нишонга олган бу қўрқоқона террорчилик ҳаракати мазкур экстремистик гуруҳнинг Икки муқаддас Ҳарамни нишонга олишга уринишларининг давомидир“, деди у.
Коалиция баёнотида, шунингдек, ҳусийлар Макка ва Мадинага ҳужумлар орқали бутун дунё мусулмонларининг туйғуларини қўзғашга уринаётгани айтилади. Коалиция муқаддас жойлар ва зиёратчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини давом эттиришини маълум қилди.
Ҳусийлар: “Бу – ёлғон ва туҳмат”
Ҳусийлар Мадинадаги ҳужумга алоқадорликни қатъиян рад этди ва коалиция айбловини сиёсий мақсадда ўйлаб топилган даъво сифатида баҳолади. Reuters агентлигининг ёзишича, ҳусийларнинг позицияси 1 октябрь куни улар назоратидаги Саба агентлиги орқали ҳарбий манба тилидан эълон қилинган.
Манбанинг айтишича, Саудия тарқатаётган даъволар “яманликларга қарши қаратилган, ҳеч қандай асоси йўқ ёлғон ва катта туҳмат“дир. У бу айбловни Ар-Риёднинг аввалроқ Маккани нишонга олиш ҳақидаги “ёлғонини“ исботлай олмаганини яширишга уриниш деб атади.
Баёнот огоҳлантириш билан якунланди. Манбанинг сўзларига кўра, “Яман қуролли кучлари“ бу туҳматга жим қарамайди ва “сохта айбловларга жавоб бериш ҳуқуқини“ ўзида сақлаб қолади. Ҳусийлар ўз қуролли тузилмаларини айнан шу ном билан атайди.
Бу ҳусийларнинг сўнгги ҳафталардаги муқаддас қадамжоларга ҳужум бўйича иккинчи раддияси бўлди. Сентябрь ўрталарида Саудия бошчилигидаги коалиция Макка яқинида дрон уриб туширилганини даъво қилганди.
Ўшанда ҳам ҳусийларнинг ҳарбий манбаси “Ямандан Макка шаҳри ёки бошқа бирор муқаддас жойга қаратилган ҳар қандай таҳдид борлигини қатъиян рад этамиз“, деган ва Саудия баёнотларини “дезинформация“ деб атаганди. Ҳусийлар ўз ҳужумлари муқаддас шаҳардан “жуда узоқда“ жойлашган Саудия нефть объектлари ва ҳарбий базаларига қаратилганини айтган.
Мусулмон дунёсининг муносабати
Мадинада дрон ҳужумига доир айблов эълон қилиниши билан қатор давлатлар ва ташкилотлар ҳужумни қоралади. Уларнинг аксарияти коалиция талқинига таянган ҳолда ҳусийларни айблади.
Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жосим ал-Будайвий ҳужум “барча қизил чизиқларни босиб ўтди“, деди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум дунё мусулмонлари туйғуларини очиқчасига қўзғатди ва муқаддас жойлар дахлсизлигини бузишда жиддий эскалация бўлди.
Қатар ҳам ҳужумни Ислом оламининг муқаддас жойлари дахлсизлигига қарши оғир тажовуз, Саудия суверенитети ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади. Шунингдек, Доҳа Ар-Риёдга тўлиқ бирдамлик билдирди. Араб давлатлари лигаси ҳужумни “қабул қилиб бўлмайдиган тажовуз“ ва хавфли эскалация деб баҳолаб, у бутун дунё мусулмонларининг туйғуларини қўзғатишини билдирди.
Саудия, Туркия ва Покистон етакчилари августда Макка пактини имзолаганди / Фото: AP
Саудиянинг иттифоқчиси Покистон эса ҳужумни “жиддий провокация“ деб атади, Икки муқаддас Ҳарам дахлсизлиги ва зиёратчилар хавфсизлиги ҳар қандай шароитда ҳурмат қилиниши кераклигини таъкидлади.
Яна бир иттифоқчи Туркия “Саудия суверенитети ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, ислом оламининг муқаддас қадриятларини нишонга олган бу провокацион ҳужумлар дарҳол ва сўзсиз тўхтатилиши керак“, дея баёнот берди.
Бундан ташқари, Кувайт, Баҳрайн, Миср, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мусулмон олами лигаси, Араб парламенти ва Икки Ҳарам ишлари бошқармаси ҳам қораловчи баёнот берди.
Сўнгги зарбалар ва можаро фони
Мадина бўйича айблов эълон қилинган куннинг ўзидаёқ жанглар ҳар икки томонда яна кучайди. 1 октябрь кечқурун ҳусийлар назоратидаги Санода кучли портлашлар эшитилди. Яманнинг халқаро тан олинган ҳукуматига содиқ кучлар Санода ва бошқа ҳудудларда “юқори аҳамиятга эга нишонлар“га ҳаво ҳужуми уюштирганини маълум қилди. Ҳусийлар эса буни “Саудия тажовузи“ деб атаб, тинч аҳоли ҳам зарар кўрганини даъво қилди.
Коалиция шундан сўнг ҳусийларнинг баллистик ракета ва дронлари тутиб қолинганини билдирди. Лекин қурбонлар ва зарар ҳақида маълумот берилмади.
Макка ва Мадина атрофидаги воқеалар Саудия билан ҳусийлар ўртасидаги, 2014-йилда бошланган урушнинг шу йилги кескин қайта алангаланиши фонида юз бермоқда. 2022-йил апрелида БМТ воситачилигида тузилган сулҳ ҳужумларни деярли тўхтатган бўлса-да, Саудия ҳусийлар назоратидаги портлар ва Сано аэропортига нисбатан чекловларни сақлаб қолди. Ҳусийлар эса буни “қамал“ деб атаб келди. 2026 йил февралида АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилгач, Теҳрон Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар қатновини кескин чеклади. Саудия нефти учун Шарқ–Ғарб қувури ҳамда Боб ал-Мандаб бўғози ҳал қилувчи йўлакка айланди.
Сано аэропортига ҳужум / Видеодан лавҳа
Бевосита бурилиш июл ойида юз берди. 13 июлда Сано аэропортига зарба берилди – Яманнинг халқаро тан олинган ҳукумати Эрон самолёти қўнишининг олдини олиш учун буни ўзи қилганини айтди. Ҳусийлар эса Саудияни айблади ва 20 июлда қиролликка қарши денгиз блокадасини эълон қилди. Сентябрда улар Боб ал-Мандаб яқинидаги Ҳаниш ва Майюн ороллари эгаллади ва Саудия томон ракета ва дрон ҳужумларини кучайтирди.
Дипломатик майдонда эса Саудия иттифоқчиларга таянишга уринмоқда. Бироқ АҚШ ҳозирча бевосита аралашишдан тийилмоқда. Axios нашрининг ёзишича, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон президент Трампдан ҳусийларга қарши ҳарбий ёрдам сўраганида рад жавобини олган. Августда Саудия, Туркия ва Покистон имзолаган Макка қўшма мудофаа келишуви эса амалий синовга дуч келмоқда.