Ўзбекистон | 23:48 / 30.09.2020
13898
2 дақиқада ўқилади

«Мени кадрлар масаласи қийнайди» – президент ислоҳотларни амалга ошириш учун янги авлод кадрлари кераклиги ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда кадрлар тайёрлаш масаласи долзарблиги ҳақида тўхталиб ўтди.

«Барчамиз яхши биламизки, инсоннинг онги ва дунёқараши, фикри ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаган жойда ҳеч қандай ижобий натижа ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди. Одамларнинг онг-у тафаккурини ўзгартирувчи куч эса, ҳеч шубҳасиз, аввало, ўқитувчи-мураббийлар, олийгоҳ домлалари, илм-фан арбоблари, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларидир.

Бугун биз яшаётган жамиятга янги фикр, янги ғоя, энг муҳими, ислоҳотларни амалга оширишга қодир бўлган янги авлод кадрлари керак. Ҳар куни сени нима қийнайди, деб сўрашса, ҳеч иккиланмасдан кадрлар қийнайди, кадрлар захираси қийнайди, деб жавоб бераман. Кадрларни 25 йил авайлаб-эъзозлаб, «сиз» деб парвариш қилмаганимиз учун ҳозир у кадрлар бизда йўқ», деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев халқнинг мардона меҳнати, ўқитувчи ва мураббийларнинг жонбозлиги туфайли таълим соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича кўп иш қилингани, лекин булар – катта мақсад йўлида ташланган дастлабки қадамлар эканини таъкидлади.

«Биз маърифат борасида «илиги тўқ» халқмиз. Илм-фанга интилиш бизнинг қонимизда, бугунги тил билан айтганда, генимизда бор. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш – беш-ўн йилда бўладиган иш эмас. Бунинг учун, аввало, юзлаб, минглаб истеъдодли кадрлар, фидойи шахслар керак», деди президент нутқида.

Шунингдек, президент Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигига бир ой муддатда Ўзбекистонда илм-фан соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берди.

Мавзуга оид