Андижон вилоятининг Марҳамат туманида Ўзбекистонда ягона бўлган айлана шаклда уч қаватли кутубхонада ҳозир 30 мингдан зиёд босма, 400 мингдан ортиқ электрон китоблар мавжуд. Ушбу зиё масканини тадбиркор Қобилжон Обидов Туркиядаги халқ кутубхонасига ҳавас қилиб, қуришга аҳд қилган ва бу ишни 6 ойдаёқ уддалаган.
Қобилжон Обидов муҳташам кутубхона қурилиши ғояси қандай пайдо бўлгани ва зиё масканининг имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Туркия кутубхонасидан ҳайратлангандим...
“Президентимиз 2020 йили феврал ойида Туркияга давлат ташрифи билан бориб, халқ кутубхонаси очилишида ҳам қатнашганди. Тўғриси, зангори экранда кутубхонани томоша қилиб таъсирландим, унда ўзбек адабиёти вакиллари борлигидан ғурурландим ҳам.

Туркия кутубхонасини кўриб чиндан ҳайратга тушгандим ва мен ҳам ўзимизнинг Марҳамат тумани ёшлари учун кутубхона ташкил қилишга жиддий киришдим. Оила аъзоларим билан бу ҳақда маслаҳатлашдим, ўша йили март ойидаёқ қурилиш ишлари бошланди.

Сентябр ойида қуриб битказиб, фойдаланишга топширдик. Ҳозирги кунда 30 мингдан зиёд босма китоблар, 400 мингдан зиёд электрон китоблар базаси мавжуд. Ҳар куни 200-250 нафар китобхон мавжуд адабиётлардан фойдаланяпти”.
Кутубхонада барча хизматлар бепул
“Ёшлигимизда кутубхоналаримиз кичкина бўларди. Даставвал республика, вилоят кутубхоналарини кўрдим, маслаҳатлашдим, кейин мана шундай замонавий кутубхона очишга қарор қилганман. Бу ерда барча хизматлар бепул, ходимларга ўз ҳисобимдан ойлик тўлайман, 4 нафар ходим ишлайди. Кутубхона очилганда барча бирдек қувонди.

Андижон пахтачилик институти ва Андижон иқтисодиёт институтини тугатганман, иқтисодчиман. 15 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланаман. Охирги 6-7 йилда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар сабаб фаолиятимизни ривожлантириб, кутубхона учун ҳам шароит қилолдик. Асосий тадбиркорлигим савдо, маиший хизмат кўрсатиш, шифохона, болалар боғчаси бор. Кутубхонадан ташқари, шахмат ва волейбол мактаби ҳам қурдим.










