Ўзбекистон | 16:30 / 14.02.2025
6734
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент бугун ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган 3 та катта ҳужжатга имзо чекканини эълон қилди.

Биринчи ҳужжатга мувофиқ, Ёшлар агентлиги ҳузурида Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилди.

Энди тадбиркор ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади, ташаббускор ёшларнинг стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.

Бугунги кунда олийгоҳларни тугатаётган 90 минг ёшлар мутахассислиги бўйича иш топишда қийналмоқда. 

Шу боис, иккинчи қарор билан олийгоҳ битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим яратилмоқда. Бунинг учун Миллий банкка 100 миллион доллар ресурс берилади.

Банк Олий таълим вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда олийгоҳ битирувчиларининг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича янги банк хизматлари пакетларини жорий этади.

Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади. Комиссия иш ўринларини яратиш, кадрларга эҳтиёж, бўш ўринларга ёшларни жойлаштириш масалаларини ҳал этади.

Президент имзолаган учинчи ҳужжатга кўра, Алоқабанк ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи таянч “ёшлар банки”га айлантирилиб, бунга 200 миллион доллар ажратилди.

Банк ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз ажратади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор бўлган, камида 20 нафар ёшни ишга олиб, кичик корхона очган ва ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Банк кредитларининг камида 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади.

Ҳудудларда “ёшлар бизнес инкубатори” ташкил қилиниб, ёшлар ғоялари стартапга айлантирилади, 6 ойдан 3 йилгача қўллаб-қувватланади, тайёр бизнес, корхона даражасига олиб чиқилади.

“Алоқа венчур” жамғармаси орқали стартапларга 50 мингдан 1 миллион долларгача сармоя киритилиб, маҳсулот ва хизматларни ички ва халқаро бозорларда сотиш, бизнес ҳамкор топиш, қўшимча инвестициялар жалб қилишга кўмаклашилади.

2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ишсизлигига барҳам бериш ишлари янги босқичга кўтарилиши таъкидланди.

Раҳбарлар ёшлар ишсизлигининг салбий оқибатларидан, ўз вақтида банд бўлмаган ёшлар билиб-билмай номақбул ишларга қўл уриши, диний радикализм таъсирига тушиб қолиши, жиноят кўчасига кириши мумкинлигидан огоҳлантирилди.

Юнусобод, Асака, Шароф Рашидов, Чироқчи, Паст Дарғом туманлари, Олмалиқ ва Бухоро шаҳарларида бу борадаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Ёшларни касб ва тилга ўқитиб, юқори даромадли ишларга жойлаштириш мақсадида бу йил бандлик бўйича катта дастур қабул қилинди. Бунинг учун жами 126 триллион сўм йўналтирилмоқда.

Унга кўра, маҳаллаларда 378 мингта микролойиҳа амалга оширилади, маҳалла банкирлари янги кредит маҳсулотлари ҳисобига 250 минг нафар одамни даромадли қилади.

Технологик жараёнларни бошқаришда стратегик қарорлар қабул қиладиган ёшларни тайёрлаш учун техника олийгоҳлари қошида 8 та илғор муҳандислик мактаби фаолият бошлади. Бу йил яна 17 та шундай мактаб очилади.

Ўтган йили 56 минг гектар ер ёшларга ажратилди. Бу ўз самарасини бериб, ҳозирда 153 минг нафар ёшлар деҳқончилик билан шуғулланяпти.

Бу йил Қорақалпоғистонда, Андижон, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида бўш турган 3 минг 300 гектар ер янгича тартибда ижарага берилади. Энди илгари ажратилган ерга маҳсулот экиб, камида 100 миллион сўм даромад олган ёшларга ҳам ушбу тартиб асосида бу ерлардан берилади.

Ёшлар кооперациялари ташкил қилиниб, ёшлар қишлоқ хўжалигида билим ва кўникма оширишига ёрдам берилади.

Ёшлар саноат зоналарида саноат ипотекаси орқали бино олаётган тадбиркорларга ускуна хариди учун 500 минг долларгача кредит ажратилади. Содда қилиб айтганда, тайёр ишлаб чиқариш майдонини олган ёш тадбиркорга имтиёзли шартларда ускуналар ҳам олиб берилади.

Сервис соҳасида ҳам ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилади. 

Тадбиркорлар ёш ходимларни ишга олиб, камида 3 миллион сўм ойлик тўласа, ижтимоий солиқ 1 фоиз бўлади. 

Бу имтиёз 3 йил амал қилади. Бу орқали тадбиркор ҳам манфаат кўради, ёшлар расмий ишлаб, даромади ошади.

Умуман, “Ёшлар дафтари” тизимини ҳам янгилаш, трансформация қилиш вақти келгани таъкидланди. 

Мутасаддиларга ёшларга кўрсатилаётган барча турдаги ижтимоий пакетларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни мақбуллаштириш ва натижадорлигини ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Юртимизда креатив иқтисодиёт жадал ривожланмоқда. Соҳада фаолият кўрсаётганларнинг 98 фоизи ёшлар. 

Ўтган йили креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича алоҳида қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асослари белгиланди.

Тошкент шаҳридаги “Ёшлар ижод саройи”да намунавий “Креатив парк” ташкил қилинди.

Энди, креатив индустрия парклари ҳудудларда ҳам барпо этилади. Улар зарур ресурс ва инфратузилма билан таъминланади.

Креатив индустрия парки резидентларига 2030 йил якунигача имтиёзли солиқ режими жорий этилади. Бунда ижтимоий ва даромад солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади, резидентлар товарларни реализация қилиш ҳажмидан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар бўлади.

Парклар негизида креатив соҳа вакилларини ўқитадиган бизнес мактаблари ташкил қилинади. Ушбу мактабларда ёшлар янги ва замонавий бизнес юритиш ҳамда электрон тижорат каби хизмат кўрсатишнинг инновацион усулларини ўрганади.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери