Ўзбекистон | 13:50 / 19.11.2021
33222
10 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаевнинг марказ томон қайтиши. У Тошкент вилоятида раҳбарлар қўнимсизлигига барҳам бера оладими?

Тошкент вилояти Ўзбекистондаги раҳбарлар энг қўнимсиз вилоят ҳисобланади. 2016–2021 йилларда вилоятга олти нафар шахс ҳокимлик қилган, бироқ улардан уч нафари лавозимида бир йил ҳам ўтирмаган. Зойир Мирзаев ушбу силсиладаги еттинчи ҳоким бўлмоқда.

Фотоколлаж: Kun.uz

«Қувилиш» тарихи

Зойир Мирзаев Шавкат Мирзиёев муваққат президент этиб тайинланган вақтда Самарқанд вилояти ҳокими эди. 2016 йил 4 декабрдаги сайловларда расман Ўзбекистон президенти этиб сайланган Мирзиёев ҳукумат таркибида қатор ўзгаришларни амалга оширади. Ана шу тайинловларда Зойир Мирзаев ҳам ҳукуматдаги юқори лавозимлардан бирини эгаллаганди.

У 2016 йил 15 декабрдан 2018 йил февралигача бош вазир ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари (бир вақтнинг ўзида қишлоқ ва сув хўжалиги вазири) бўлиб ишлаган. 2018 йилнинг октябрида унинг лавозими бош вазир ўринбосари – агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари деб қайта номланган.

2018 йил 26-27 октябрь кунлари рўй берган воқеалар Зойир Мирзаевнинг карьерасида ўчмас из қолдирди. У бош вазир ўринбосарлигидан шов-шувли тарзда ишдан олинганди.

Дастлаб ижтимоий тармоқларда 26 октябрь куни олти нафар эркакнинг ариқда тиззагача сув ичида турган сурати тарқалган, Kun.uz мухбирлари суриштируви давомида ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, «Абдуносир Ғулом» фермер хўжалиги майдонида юз бергани, фермерлар ва туман ҳокимлиги масъуллари ғаллани вақтида суғормагани учун бош вазир ўринбосари томонидан шу тарзда жазолангани аниқланганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Воқеадан 1 кун ўтиб, 27 октябрь куни тармоқда қўлларида катта-катта кесаклар кўтариб олгани акс этган бошқа бир олтовлоннинг сурати тарқалади. Суриштирувлардан сўнг бу воқеа Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги ғалла далаларида содир бўлгани ойдинлашди. Бош вазир ўринбосари ташрифи чоғида яхши тайёрланмаган майдонга буғдой экилгани аниқланган ва масъуллар шу майдондан топилган улкан кесакларни кўтариб туришга мажбур қилинган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Юқоридаги икки воқеа ҳам бир кунда, 25 октябрь куни содир бўлган. Бироқ суратлари орадан маълум вақт ўтиб, бошқа-бошқа кунларда тарқатилган. Ҳалигача бу ҳолатни ким суратга олгани ва у қандай тарқалиб кетгани маълум эмас. Чунки бундай текширувларга одатда ОАВ яқин йўлатилмайди, қолаверса, бош вазир ўринбосарини «зарба» остида қолдирадиган маълумотни сиздиришга ҳар ким ҳам журъат қилаверайди. Шу боис, ўша пайтда айрим интернет фаоллари бу воқеа Мирзаевни лавозимдан кетказиш учун уюштирилганини ҳам тахмин қилганди.

Бош вазир Абдулла Арипов 29 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор пайтида Зойир Мирзаев ишдан олинганини эълон қилган ва у интернетда кўтарилган шов-шув ортидан мансабидан айрилган амалдорга айланганди. Мазкур воқеа халқаро матбуотда ҳам кенг ёритилганди.

«Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мирзаев бош вазир ўринбосарлигига кўчадан келиб қолган эмас. У узоқ йиллар Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими, кейинроқ республикадаги энг салмоқли вилоятлардан бири Самарқанд вилояти ҳокими, кейинчалик қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб фаолият юритган. Шунча халққа хизмат қилган, давлат ташкилотларида меҳнат қилган бўлса-да, президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади. «Қонун барчага баробар, жазо муқаррар», деб айтдилар», деганди Абдулла Арипов йиғилишда.

Ушбу йиғилишда сўзга чиққан мамлакатнинг ўша пайтдаги бош прокурори Отабек Муродов Оққўрғон туманида масъуллар сувга туширилган пайтда бош вазир ўринбосарининг ёнида бўлган, бироқ унинг қонунга зид буйруқларига қаршилик кўрсатмаган Тошкент вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда бошқа мутасаддилар ҳам ишдан бўшатилганини маълум қилганди.

Бош вазир Абдулла Арипов видеоселектор йиғилишида «Президент топшириғи билан 25 октябрда бўлган воқеалар Бош прокуратура томонидан қатъий ўрганилади», деб айтган бўлса-да, олиб борган текширувлар натижаси ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Бош прокуратура айнан шундай текширув олиб борган-бормагани ҳам сўроқ остида.

Жазо. Туман ҳокимлигига «қулаш»

Истеъфодан бир ҳафта ўтиб, Зойир Мирзаев учун берилган жазо – иқтисодий жиҳатдан қолоқ туман ҳокимлигига туширилиш экани аён бўлди. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган Зойир Мирзаев учун бу тайинлов мансаб пиллапояларидан даҳшатли қулаш бўлгани шубҳасиз. Бош вазир ўринбосари сифатида республикадаги катта бир тармоқни бошқариб келган, туман ҳокимлари тугул вилоят раҳбарларигача биргина имосига маҳтал турган шахснинг қуйи бўғинга туширилиши том маънодаги жазо эди.

Фото: Kun.uz

«Мансаб бор экан — талаш бўлади»

Зойир Мирзаев блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг «Айтинг-чи…» лойиҳаси учун берган интервьюсида бош вазир ўринбосари лавозимидан олинишига сабаб бўлган «ариқ» воқеасига ҳам тўхталиб, қачондир бу ҳақдаги бор ҳақиқат юзага чиқишига, буларнинг барчасига ўша пайтда эгаллаб турган лавозими сабаб бўлганига ишора қилган.

«Орқага қараб хулоса қилиб олиш учун вақт бўлди. Битта нарса аниқки, хатога йўл қўйдингизми — жавобини бериш керак. У воқеаларни эсламасдан илож йўқ. Сабаби — мабодо шу саволни бермаганингизда ҳам, «шунча нарсани сўрабсан-у, нега буни сўрамадинг», деган саволлар ёзиларди.

Биласизми, юқорида айтганимдек, ҳеч ким хатодан холи эмас. Орадан вақт ўтар, бу нарсанинг таги, негизида нималар бўлганини бутун халқимиз билади. Бу албатта, менинг хатом бўлган. Замон ўзгарганини ҳазм қила олмаганим, замонга мослаша олмаганим. Очиқликни ҳамма ҳам бирдан ҳазм қила олмайди.

Фото: Видеодан кадр

Масаланинг иккинчи тарафи ҳам борки, биз раҳбар сифатида нишондамиз. «Сен мана шундай хатоликка йўл қўйдинг, бунга нима сабаб бўлди ўзи?» деб ўша кунлари кўпчилик мени изласа ҳам бўлар эди-ку? Лекин ҳеч ким изламади. Мен шу пайтгача шу тўғрисида гапирмадим, бугун оғиз очдим. Ҳали воқеанинг ҳақиқий негизини холисона эшитамиз ҳам, кўрамиз ҳам. Бу нарса бўлади.

Лекин бир жиҳатни айтишим керак: ўзингиз қатори юрган халқни камситиш учун одамда юрак бўлмаслиги керак, у одам бошқача одам бўлиши керак. Биз унақа тарбия кўрмаганмиз. Мени ишга ўргатган, тарбиялаган инсонларнинг барчаси — домлаларим, ўқитувчиларим — бундай тарбия беришмаган. Бу шахсан ўзимнинг камчилигим. Ўшанда нима бўлган бўлса, ўзим лоқайдлик қилганман, қайсидир маънода.

Ҳаёт бир текис эмас, ҳамма нарса курашдан иборат. Албатта, лавозим бор экан, мансаб бор экан — талаш бўлади», деганди Зойир Мирзаев.

2 йил 23 кун ...

Шароф Рашидов тумани ҳокими курсисида икки ҳафта кам бир йил ўтирган Зойир Мирзаев 2019 йилнинг 26 октябрида Зафар Рўзиевнинг ўрнига Қашқадарё вилоят ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

2020 йилнинг январида Нишон туманида далани пайҳон қилган 21 бош қўй Зойир Мирзаевнинг топшириғига кўра сўйиб ташлангани тўғрисида хабарлар тарқалган, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий муносабатда ҳоким қўйларни сўйишга топшириқ бермагани, ҳолатга қонун доирасида иш кўрилиши кераклиги ҳақида топшириқ бергани таъкидланганди.

Жорий йилда 53 ёшни қаршилаган Зойир Мирзаев Қашқадарё вилоятига 2 йил 23 кун ҳокимлик қилди ва таъкидлаш керакки, охирги икки иш жойида мавқейига гард юқтирадиган ҳеч бир салбий воқеага аралашиб қолгани йўқ. Аксинча, ОАВ билан янада яқин бўлишга, очиқликка интилди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам Мирзаевнинг пиари билан астойдил шуғулланди, унинг фаолиятини жамоатчиликка ижобий бўёқларда кўрсатиб беришнинг уддасидан чиқа олди.

Ҳокимлари қўнимсиз вилоят

Тошкент вилояти мустақил Ўзбекистон тарихидаги ҳокимлари энг кўп ўзгарган вилоят ҳисобланади. Вилоят ва туман ижроия қўмиталари раиси лавозими тугатилиб, ҳоким лавозими жорий этилган 1992 йил 4 январдан 2021 йилнинг 18 ноябригача Тошкент вилоятида 14 марта ҳоким ўзгарган. Зойир Мирзаев ушбу рўйхатдаги 15-ҳоким бўлди.

Чунончи, 2016 йилдан ҳозиргача ушбу лавозимда Содиқ Абдуллаев (2016 йилнинг 4 февралидан 15 августигача), Исломжон Эргашхўжаев (2016 йилнинг 12 августидан 15 декабригача), Шукрулло Бобоев (2016 йилнинг 15 декабридан 2017 йилнинг 30 октябригача), Ғуломжон Ибрагимов (2017 йилнинг 30 октябридан 2019 йилнинг 3 июнигача), Рустам Холматов (2019 йилнинг 4 июнидан 2020 йилнинг 30 январигача), Даврон Ҳидоятов (2020 йил 30 январидан 2021 йилнинг 18 ноябригача) – жами олти нафар ҳоким фаолият олиб борди. Ҳолбуки, 1992–2015 йилларда, яъни 24 йил давомида атиги саккиз нафар ҳоким алмашган.

Фото: Kun.uz

Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими курсисида 9 ой 19 кун ўтирди. Шу тариқа, у ушбу вилоят раҳбарлигида бир йил ҳам ишлолмаган 4-ҳокимга айланди. Бунгача Исломжон Эргашхўжаев (4 ой 3 кун), Содиқ Абдуллаев (6 ой 8 кун) ва Шукрулло Бобоев (10 ой 15 кун ҳокимлик қилган) ҳам лавозимда узоқ қололмаганди.  

Самарқанд (2010 йил 17 декабрдан 2016 йил 15 декабргача) ва Қашқадарёдаги (2019 йил 26 октябрдан 2021 йил 18 ноябргача) фаолиятидан сўнг учинчи вилоятда раҳбар сифатида иш бошлаган Зойир Мирзаев ушбу лавозимда қанча муддат қолиши, умуман, ҳокимлар қўнимсизлигига барҳам бера олиш-олмаслигини вақт кўрсатади.

Жамшид Ниёзов, журналист

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид