Жамият | 17:23 / 25.08.2025
11236
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz кўрсатуви қаҳрамони “Жасорат” медали билан тақдирланди

Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукни қаҳрамони – олтиариқлик Зуҳрахон Орипова Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида президент фармонига кўра “Жасорат” медали билан тақдирланди.

53 ёшли ватандош бир қўлидан айрилганига қарамай, фаол меҳнат билан бандлиги ҳақида Kun.uz 2025 йил март ойида кўрсатув эълон қилганди

Зуҳрахон Орипова – Олтиариқ туманининг Оқбўйра қишлоғидан. Бир ярим яшарлигида сандалга тушиб кетиши оқибатида ўнг қўлидан айрилган. Турмуш ўртоғи ҳам ўзи каби иккинчи гуруҳ ногирони. Шунга қарамай, оила қишин-ёзин фаол меҳнат билан банд: далага чиқиб пахта теришади, томорқасида бодринг, редиска экиб даромад кўришади, узум парваришлайди, кунлик ишларда ишлашади.

“Тошкентга бормаганман, тўғриси, телевизорда кўриб ҳавас қилиб ўтираман. Фарғонадан чиқмаганмиз-да, меҳнатдан ортиб вақт ҳам бўлмаган, энди орзу қиламиз холос. Орзуларимдан бири Тошкент шаҳрига бориб, кинотеатрларга, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмоноваларнинг концертларига тушиш. Метроларида юришни хоҳлаймиз. Умраларга, катта Ҳажларга ҳам бориш ниятимиз бор”, – деганди икки фарзандни вояга етказган деҳқон она.

Маълумот учун, “Жасорат” медали билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (ҳозирда 4 млн 120 минг сўм) пул мукофоти берилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид