Уй сотиб олиш учун одам қанча пул топиши керак? Одатда бу саволга уй нархи, бошланғич бадал ва ипотека тўловини ҳисоблаб кейин жавоб берилади. Аммо бошқа савол ҳам бор: уйли бўлиш учун оила нимадан воз кечишига тўғри келади?

Боласининг таълимиданми, тиббий кўрикданми, озиқ-овқатданми ёки бирор кутилмаган ҳолат учун йиғиб қўйилган пулданми? Уй сотиб олиш учун балки оила қуришни кечиктириш, қўшимча ишлаш ва йиллар давомида ўз эҳтиёжларини чеклашга ҳам тўғри келар?

Habitat for Humanity халқаро ташкилотининг 2026 йил октябрида эълон қилинган янги тадқиқоти шу саволларни ўртага қўйди. Ўзбекистон бу сўровда қамраб олинмаган. Бироқ мамлакатимиздаги уй-жой нархлари, аҳоли даромадлари ва ипотека тўловлари бўйича рақамлар асосида бу масалани ўрганиш мумкин.

Уй олиш – озиқ-овқат, саломатлик ва келажак эвазига

Аҳолининг уй-жой масалаларини ўрганадиган халқаро нодавлат-нотижорат Habitat for Humanity ташкилоти 2026 йил 10 апрелдан 30 июнгача 22 мамлакатда 30 758 киши иштирокида сўров ўтказди. Унда Аргентина, Австралия, Бразилия, Канада, Миср, Индонезия, Ирландия, Непал, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия ва АҚШ каби мамлакатлар қамраб олинган. Натижада сўровда қатнашганларнинг 75 фоизи сўнгги бир йилда уй-жой харажатларини қоплаш учун камида битта бошқа харажатини қисқартиришга мажбур бўлгани аниқланган.

Уларнинг 33 фоизи озиқ-овқат учун харажатни камайтирган, 32 фоизи жамғармаси ёки фавқулодда вазиятлар учун сақлаган маблағини ишлатган, 13 фоизи даволанишни кечиктирган ёки даволанишдан воз кечган. 31 фоизи эса харажатларни қоплаш учун қўшимча ишлашга мажбур бўлган, бу – бўш вақтидан ва ҳордиқдан воз кечиш демакдир.

Яна икки рақам диққатга сазовор: иштирокчиларнинг 48 фоизи кутилмаган битта муаммо ҳам уларни уйли бўлиш имкониятига таҳдид солиши мумкинлигини айтган. 40 фоизи эса хавфсизроқ уй-жой қимматлик қилгани учун муайян хавфларга рози бўлишини билдирган.

Демак, уй-жойнинг ҳақиқий қиймати фақат ижара ёки кредит тўловидан иборат эмас. Агар шу тўлов сабаб оилада касалликни даволаш, фарзандни ўқитиш ёки кутилмаган харажатни қоплаш учун маблағ қолмаса, бу уй-жой харажати масаласининг кўлами катталигини билдиради.

Ирландияда овқатдан тежашади, Непалда даволанишни кечиктиришади, Жанубий Кореяда оила қуришни кечиктиришади