EastFruit: Минимал экспорт нархлари – Ўзбекистон мева-сабзавот экспортига зарба
EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда минимал экспорт нархлари жорий қилиниши ортидан мева-сабзавотларни экспорт қилиш шартлари ёмонлашганидан хавотир билдирди. Таҳлилчилар бундай “қўл режимида” тартибга солиш экспортга зарар етказиши ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун хавфли экани, чеклов чоралари солиқ тушумларини оширмаслиги, валюта назоратини яхшимаслигини таъкидламоқда.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, май ойидан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотларига тавсиявий экспорт нархлари жорий қилинган эди. Етказиб берувчиларга ҳақиқий нархларни тавсия этилганидан 20 фоиздан кўп бўлмаган миқдоргача пасайтиришга рухсат берилганди. Лекин кўп ўтмай, ҳукумат қарори билан тавсия этилган нархлар минимал нархларга ўзгартирилди.
EastFruit таҳлилчиларига кўра, бу минимал нархларни белгилашда ҳар бир маҳсулот учун сифат тоифалари, навлари ва бошқа омиллар ҳисобга олинмаслиги мумкин.
“Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, бундай қарорлар ҳеч қачон ҳеч қайси нуқтаи назардан ижобий натижаларга олиб келмайди. Улар, биринчи навбатда, ишлаб чиқарувчилар ва кичик экспортчиларга таъсир қилади – уларнинг маҳсулот сотиш имкониятлари тораяди. Бу ўз навбатида маҳсулот етиштиришга сармоя киритишга қизиқишни дарҳол пасайтиради ва мамлакатни йирик тизимли импортёрлар учун унчалик жозибали бўлмаган ҳамкорга айлантиради. Дарҳақиқат, бундай қўлда тартибга солиш билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаларини тузиш жуда хавфли бўлади.
Шу билан бирга, солиқ тушумларини ошириш ва валюта назоратини яхшилаш нуқтаи назаридан бундай чора самарасиздир. Йирик компаниялар учун замонавий молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда минимал нархларни четлаб ўтиш қийин эмас, аммо бунинг натижасида солиқ базаси камайиши мумкин”, – дейилади таҳлилларда.
Экспертларга кўра, Ўзбекистон мева-сабзавот экспортида юқори ижобий динамика кузатиляпти: 2023 йилда Ўзбекистоннинг экспортдан даромади 10 фоизга камайиб, 777 миллион долларни ташкил қилган. Расмийлар эса мева-сабзавотлар статистикасига қуруқ дуккаклиларни ҳам қўшиб, ҳисоботларда каттароқ рақамни кўрсатишмоқда, ваҳоланки сифатли таҳлил учун бу маҳсулотлар донли дуккаклилар экспорти бандидан жой олиши керак, чунки қуруқ дуккаклиларнинг хусусиятлари ва савдо тузилмаси мева-сабзавотлардан умуман фарқ қилади.
“Экспортни ривожлантириш учун жозибали имкониятлар бўлишига қарамай, Россия дунёнинг аксарият давлатларидан мева-сабзавот олиб кирилишини тақиқлагани сабабли Ўзбекистон экспорти стагнацияга учраган. Экспорт кўрсаткичлари сўнгги беш йил давомида деярли ўзгаришсиз қолиб, 700 млн доллардан 900 млн долларгача ўзгариб турибди”, – дейилади EastFruit шарҳида.
Минимал экспорт нархлари
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, 2024 йил 1 майдан 1 бошлаб республикадан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ва экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилди. Қарор билан тавсия этилган минимал экспорт нархлари белгиланадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати шакллантирилди. Рўйхатдан 60 турдаги мева ва сабзавотлар ўрин олган.
Шундан кейин минимал экспорт нархлари 11 майдаги ҳукумат қарори билан тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари ва электр жиҳозларига минимал экспорт нархлари жорий этиладиган бўлди. Экспортчилар белгиланган минимал экспорт нархларидан паст нархда экспорт қилса, жазоланади.
Минимал нархларни белгилаш тартиби муаллифи Савдо саноат палатаси ҳисобланади. Палата раиси Даврон Ваҳобов Kun.uz'га берган интервюсида айтишича, экспортчилар берилган имтиёзларга қарамай, маҳсулотларнинг нархини паст кўрсатиб, экспорт тушумини яширишга уриниб келмоқда. Шу сабабли минимал экспорт нархларини белгилашга эҳтиёж туғилган.
“Чарм-пойабзал, электротехника ёки тўқимачилик маҳсулотлари қандай қилиб ички бозордаги нархлардан 5 баробар арзон бўлиши мумкин? Ўргандикки, чарм-пойабзал оёқ кийими 8 минг сўмдан 12 минг сўмгача божхона чегарасидан ўтяпти. Бу салбий тарафлари нимада дейдиган бўлсак, бугунги кунда экспортёр маҳсулотни таннархидан арзон сотишига ҳеч қандай жарима йўқ. Сабаби давлат тарафидан экспортёрларга турли имтиёзлар берилган. Экспортёр ўзи хоҳлаган нархида сотади. Экспортёрга бундай шароит нимага бериляпти? У солиқ имтиёзларидан фойдаланиши учун ўзининг шаффоф тушумини кўрсатиши керак”, – деганди у.
Айни масалада Kun.uz'га интервю берган иқтисодчи Отабек Бакиров бу коррупция ва яширин иқтисодиётни кучайтириши, қолаверса, оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашиш кераклигини таъкидлаганди.
“Экспортчилар ростдан ҳам тушумларни яширяпти деб ҳисобланилса, улар барибир бу йўлдан қайтмайди. Энди бошқа йўлга ўтади. Энди у массада ёки ҳажмда манипуляцияга ўтишга ҳаракат қилади. Ёки божхона органлари билан коррупцион харажатга киришишга ҳаракат қилади. “Тадбиркор экспорт тушумининг бир қисмини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш ҳаракатида экан, бошқа экспорт шартномалар билан хизматлар кўрсатишга оид бошқа импорт шартномалар билан маблағларни четга олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади”, – деганди Отабек Бакиров.
У мева ва сабзавотлар учун аввалига “тавсия этилган” дея эълон қилинган нархлар орадан 15 кун ўтиб “минимал экспорт нархлари”га айланиб қолганига эътибор қаратди.
Мавзуга оид
15:20 / 14.11.2024
Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар Британия бозорига экспорт қилинади
12:50 / 04.11.2024
Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари Мўғулистонга экспорт қилинади
09:40 / 23.10.2024
Ўзбекистондан Кувайтга қуруқ мевалар экспорти ҳажми оширилади
21:40 / 02.10.2024