Ўзбекистон | 15:06 / 09.09.2024
10269
2 дақиқада ўқилади

3 та вазирликнинг қарийб 400 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик билан шуғулланиб келган

Аксилкоррупция агентлиги ўтказган ўрганишларда, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларида ишлаётган 398 нафар бошқарув ходимлари тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритаётгани аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганиш ўтказди.

Агентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ўрганишларда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда уларда фаолият юритаётган 398 нафар бошқарув ходими 449 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди. Жумладан:

  • Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 93 нафар бошқарув ходими 112 та тадбиркорлик субъектида;
  • Сув хўжалиги вазирлигининг 26 нафар бошқарув ходими 35 та тадбиркорлик субъектида;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 279 нафар бошқарув ходими 302 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган.

Агентликка кўра, юқоридаги ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирликларга тақдимномалар киритилиб, қайд этилган қонун-бузилиши ҳолатларига чек қўйилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «агар фуқаролар коррупцияга дуч келса, 1253 «Call маркази» ёки eanticor.uz электрон платформаси орқали мурожаат қилиши»ни сўраган.  

Мавзуга оид