Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
Касбий таълимнинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади. Шунингдек, техникум директорлари очиқ танлов асосида танланади. Бу бўйича президент фармони эълон қилинди.
Президентнинг “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, касбий таълим ташкилотларининг амалдаги турлари мақбуллаштирилиб, касбий таълимнинг барча даражалари бўйича кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади.
Техникумларда:
– кадрлар тайёрлаш таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Ўзбекистон миллий малака тизими талабларига мос равишда ташкил этилади;
– бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади, шунингдек, малака ва компетенциялар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади;
– бошланғич касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш умумий ўрта таълим ташкилотининг 9-синфини тамомлаган ўқувчилар учун – давлат гранти асосида амалга оширилади;
– ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади;
– ўрта махсус касбий таълим дастурларининг битирувчиларига ўзлаштирган модуллари, тўплаган кредитлари ва олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат этилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 январдан негизида техникумлар ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди. 2025 йил 1 сентябргача республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари белгиланган тартибда кадрлар буюртмачиси ва саноат ҳамкори сифатида техникумларга бириктирилади.
2025/26 ўқув йилидан техникумларга қуйидагиларни амалга оширишга рухсат берилади:
- фанларни бир-бирига интеграция қилиш, ажратилган соатлар доирасида мутахассислик ва умумкасбий фан (модул)ларнинг соатларини 30 фоизгача ўзгартириш;
- етакчи хорижий таълим ташкилотлари иштирокида тўлов-контракт асосидаги қўшма таълим дастурларини жорий қилиш;
- кадрлар тайёрлаш ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тўғридан тўғри шартномалар тузишга;
- фуқаролар ва ишсизларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилиш;
- касбий кўникмалар марказларидан амалиёт базалари сифатида бепул фойдаланиш.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан ўрта бўғин кадрларига бўлган талаб “Касбий таълим” платформаси орқали шакллантирилади.
2025/26 ўқув йилидан белгиланган техникумларда халқаро таълим дастурлари жорий қилинади. Халқаро таълим дастурлари асосида таълим олган ва имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчиларга халқаро таълим дастурлари бўйича диплом (сертификат) ва касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
2025 йил 1 январдан техникумларнинг директор ва директор ўринбосари лавозимларига талабгорларни очиқ танлов асосида танлаш тартиби жорий қилинади.
Касбий таълим тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича масъул орган этиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги белгиланди.
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024