Тошкент шаҳрига йўлбўйи пулли автотураргоҳлар албатта керак, лекин бу тизим аввалбошдан хатолар устига қурилди, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров. Расмийлар эса бошқа фикрда: шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев бу лойиҳани ҳокимликнинг бошқа лойиҳалари орасида энг муваффақиятлиси деб атади. Kun.uz томонлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўлбўйи пулли автотураргоҳдан фойдаланиб, пулини тўламаган шахсларни БҲМнинг 2 баробари (1 сентябрдан бошлаб 880 минг сўм) миқдорида жаримага тортиш ташаббуси билан чиқди.

Ҳокимлик тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйгач, тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлди.

Kun.uz мавзу борасида фикр алмашиш учун Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев, жамоатчилик фаоли ва иқтисодчи Отабек Бакиров, “Streetpark Systems” МЧЖ (йўлбўйи автотураргоҳлар оператори) директори Қудратбек Ёқубов ва компания ҳуқуқшуноси Даврон Аҳмадов иштирокида очиқ мулоқот ташкил этди.

Суҳбат иштирокчилари йўл ёқасида машинани қолдириб кетиш пулли бўлиши – катта шаҳарлар учун одатий ва зарурий чора эканини эътироф этди ва мулоқот мазкур тизим нечоғлик тўғри ташкил этилгани, маъмурий жарима жорий этишнинг асослилиги каби масалалар атрофида кечди.

Отабек Бакиров: Пулли автотураргоҳлар мутлақо зарур бўлса-да, 2024 йил ноябр ойидан бошлаб Тошкент шароитида пулли тўхташ тизимини яратиш, шакллантириш ва ривожлантиришда йўл қўйиш мумкин бўлган барча хатоларга йўл қўйилди. Хатолар биринчи кундан, яъни пулли тўхташ тизими бўйича биринчи аукционни ташкил этишдан бошланди. Энг катта хато Тошкентнинг барча кўчаларини битта лот сифатида аукционга қўйиш бўлди. Бошиданоқ битта инвестор ёки оператор бутун шаҳарни тартибга солувчи тизим ярата олмаслиги аниқ эди. Даъвогарларда бундай кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш учун зарур молиявий, техник ва ҳуқуқий ресурслар етишмасди.

Икки яхшироқ йўл бор эди. Биринчиси, биз бир нечта лотлар билан аукционлар ташкил қилиб, Тошкентда бир нечта операторнинг ишлашига имкон беришимиз керак эди. Иккинчи йўл, кўплаб Шарқий ва Ғарбий Европа мамлакатларида қўлланган “очиқ бозор” тизимини яратиш эди. Бу моделда бутун тўхташ тизими муниципалитет (ҳокимлик) назорати остида бўлади ва маълум мезонларга жавоб берадиган ҳар қандай оператор хизматлар кўрсатиши, тўловларни амалга ошириши ва содиқлик тизимлари ҳамда обуналар орқали рақобатлашиши мумкин, бунда даромадни шаҳар олади ва операторларга комиссия тўлайди.