Тарифлар ошиши, базавий норма киритилиши билан, уй эгаларида энергосамарадорлик масаласига қизиқиш ортди. Kun.uz бу борадаги базавий билимларни улашишини сўраб, энергосамарадор қурилиш соҳасида эксперт, Airbest компанияси таъсисчиси Собир Шермуҳаммадга мурожаат қилди. У нафақат назарий, балки амалий тест орқали ҳам кўпчилик уй эгалари эътиборсиз қолдирадиган ҳолатларни яққол кўрсатиб берди.
Собир Шермуҳаммад узоқ йиллардан буён қурилиш соҳасида фаолият юритади. 10 йилдан ортиқроқ вақтдан берди энергосамарадор қурилиш йўналишида Европа ва АҚШ тажрибасини ўрганган. У таъсисчиси ҳисобланувчи Airbest компанияси биноларнинг термоизоляцияси ва герметикаси бўйича замонавий ёндашувлар асосида хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, энергосамарадорлик – бу иситиш асбобларидан тежамкорона фойдаланиш дегани эмас. Электр ёки газни камроқ ишлатаман деган билан, одам фақат дискомфортга эришади. Шу сабаб, оддий қоида қуйидагича: уйни иситиш муаммо эмас, муаммо – уйдаги иссиқликни сақлаб қолиш.
“Энергосамардор уй деганда уй ичидаги комфорт иқлимни сақлаб қолган ҳолатда, жуда кам энергия истеъмол қилиш тушунилади. Чет элдаги герметик ҳолатдаги уйларни солиштирадиган бўлсак, бу уйларнинг энергия истеъмоли минимум даражада. Бу нима дегани? Яъни уй шунчалик герметизация қилинганидан, иситиш учун ўта кам энергия сарфланади, бунда ҳатто уй ичидаги одамлар ўзларидан чиқарадиган иссиқлик ҳам ҳароратни мўтадил сақлаб туришга етарли бўлади”, – дейди у.

Собир Шермуҳаммаднинг таъкидлашича, уй қуришда харажатларнинг фақат битта тоифаси кейинчалик уй эгасининг чиқимларини камайтиришга хизмат қилади: бу – сифатли изоляция ва герметизация учун сарфланган харажатлардир.
“Изоляция ва герметизация қилиш айримларнинг назари билан қараганда сизга обрў олиб бермайди, чунки уни бировга кўрсатиб мақтанолмайсиз – шифтнинг орқасида, деворнинг орасида, полнинг тагида қолиб кетган бўлади. Яъни кўзга кўринмайди. Лекин кўринмасдан шунчалик пулингизни тежайдики, сиз унинг орқасидан кейинчалик катта комфортга эришасиз.
Ўзи, уйни иситиш деганда, иситиш тизимларидан фойдаланиш эмас, иссиқликни сақлаб қолиш тушунилади. Иситиш тизими эса фақатгина йўқотилаётган иссиқликни компенсация қилиш вазифасини бажаради”, – дейди суҳбатдошимиз.
Экспертнинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистонда қурилаётган аксарият янги уйлар термоизоляция ва герметизация бўйича талабларга жавоб бермайди.






