Ўзбекистон | 16:52 / 04.10.2024
11349
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилоят суди раиси ўринбосари фуқаронинг уйини сохта ҳужжатлар билан ўз номига ўтказиб, сотиб юборгани айтилмоқда

Судялар Олий кенгаши ҳолатни рад этмади. Вилоят суди раиси ўринбосарига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, хулосаси муҳокама қилиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Судялар олий малака ҳайъатига юборилган.

Фото: Наманган вилоят суди

Наманган вилояти суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев Наманган шаҳри Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўпқаватли уйлардан биридаги ўзганинг эгалигида бўлган хонадонни сохта ҳужжатлар билан ўз номига расмийлаштириб, бошқа бир одамга сотиб юборгани айтилмоқда. Ушбу ҳолатни Kun.uz’нинг бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади.

Kun.uz мухбири уйнинг ҳақиқий эгаси бўлган фуқаро билан гаплашди. Унинг билдиришича, квартирада доимий ҳеч ким яшамаган.

Бу эҳтиёжимиздан ортиқча бўлган уй эди. Доимий яшамасак-да, йўлимиз тушганида бир кун-ярим кун туриб кетардик. Уста тушириб, таъмирлаётгандик, бошқа одам “документ” кўтариб келди. Шунда билиб қолдик. Ушбу ишга аралашган инсонларнинг ҳаммаси жавобгарликка тортиляпти”, дейди уй эгаси.

Судялар Олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров Kun.uz сўровига жавобан Абдураҳмон Сафаевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилганини билдирди.

“Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилди. Хизмат текшируви хулосаси муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиш учун Судялар олий малака ҳайъатига юборилган”, дейилади кенгаш изоҳида.

Маҳкама матбуот котиби хизмат текширувида шикоятчининг важлари тасдиғини топгани ёки топмаганига аниқлик киритмади.

Kun.uz манбасига кўра, Абдураҳмон Сафаев бўйича хизмат текшируви хулосаси ҳали муҳокама қилинмаган. Бунга асос сифатида у меҳнат таътилида экани кўрсатилмоқда.

Суд раиси ўринбосари айнан қандай ҳужжатларни сохталаштиргани ҳамда бу ишга яна кимлар аралашгани ҳозирча маълум эмас.

Мавзуга оид