Пойтахт ва унинг атрофидаги иссиқхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. 1 декабрдан эътиборан АЁҚШларда АИ-80 бензини сотуви тўхтатилади. Тиғиз вақтларда шаҳарда юк машиналари ҳаракати чекланади. Қурилиш объектларига ҳаво сифатини ўлчовчи станциялар ва камералар ўрнатилади. Қурилишларни лойиҳалашда шамол йўналиши ва тезлигини инобатга олиш талаби қўйилади.

Ўзбекистон президенти 18 ноябр куни имзолаган қарор билан, экология соҳаси бўйича янги чоралар дастури тасдиқланди.

Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида мавжуд иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича зарур ташкилий-техник чора-тадбирлар тўғрисида 2025 йил охиригача таклифлар ишлаб чиқилади. Бунда:

  • мавжуд иссиқхона хўжаликларининг табиий газга бўлган эҳтиёжи, мавжуд қувватлар ва тармоқларга уланиш имкониятлари таҳлил қилинади;
  • иссиқхона хўжаликлари жойлашган ҳудудлардаги газ тақсимоти тармоқларининг техник ҳолати ва мавжуд қуввати хатловдан ўтказилади;
  • энергия тежамкор иситиш технологияларини жорий этиш, шу жумладан, табиий газдан самарали фойдаланиш ва муқобил манбалар (биогаз, қуёш энергияси) билан уйғунлаштириш имкониятлари ўрганилади;
  • табиий газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича мавсумий графиклар, лимит ва тариф механизмлари такомиллаштирилади; иссиқхона хўжаликлари фаолиятида узилишларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Йил охиригача, шунингдек, мазут ва шунга ўхшаш юқори ифлослантирувчи ёқилғи турларидан фойдаланган ҳолда атмосферага зарарли моддалар чиқарилишининг олдини олиш мақсадида жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш юзасидан ҳам таклифлар ишлаб чиқилади.

Иссиқхоналар кафолатланган ҳажмдаги газ билан таъминланади. Уларга солиқ имтиёзи ҳам берилди