Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иқлим учун кураш: дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати ёшлари Самарқандда йиғилди
Бугун Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми иш бошлади. “Иқлим ҳаракати ва унинг ижтимоий таъсири, айниқса ёшлар учун” мавзусига бағишланган мазкур халқаро анжуман дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакати ёш етакчилари, экспертлари ва расмий делегация вакилларини бирлаштирди.
Форум ЮНЕСКО, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Уч кунлик тадбирда ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги иштироки, инновацион ечимлар ва глобал сиёсатда уларнинг роли муҳокама қилинади.

26 октябр куни иштирокчилар учун “Бағрикенглик кемаси” халқаро санъат лойиҳаси доирасида концерт ва маданий саёҳатлар ташкил этилди.
Форумнинг асосий қисми “Generation of Action” шиори остида старт олди. Унда ЮНЕСКО раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати вакиллари, шунингдек, Нигерия, Миср, Испания, Боливия ва Бразилиядан ёш иқлим етакчилари иштирок этмоқда.

Анжуманда иқлим ўзгаришининг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари, ёшларнинг барқарор ривожланиш ва “яшил иқтисодиёт” соҳасидаги ташаббуслари, экотаълим ва иқлим саводхонлигини ошириш масалалари муҳокама этилмоқда. Шунингдек, иқлим инқирози шароитида инклюзив сиёсат ва гендер тенглиги масалалари, ёшлар орқали глобал ҳамжиҳатлик ва “адолатли ўтиш” ғояларини илгари суриш, иқлим муаммоларини ечишда рақамли инновациялар ва стартапларнинг ўрни ҳақида фикр алмашилмоқда.

28 октябр куни форум иштирокчилари “Youth Recommendations and Calls to Action” деб номланган сессияда иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор ривожланиш бўйича ўз тавсияларини ишлаб чиқадилар. Бу ҳужжат кейинчалик ЮНЕСКО Бош конференциясига ёшлар тавсиялари сифатида тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси бу йил илк бор Париждан ташқарида - Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда. Бу тарихий қарор орқали Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Ёшлар форуми эса мазкур глобал анжуманнинг асосий қисмларидан бири бўлиб, мамлакатнинг халқаро нуфузини ва ёшлар сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мавзуга оид
10:53 / 29.01.2026
Самарқандда ёлланма қотил орқали танишини ўлдирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
10:30 / 29.01.2026
Самарқандда табиатга 422 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди
14:43 / 28.01.2026
Самарқандда 16 қаватли бино сунъий зилзила орқали синовдан ўтказилди
16:33 / 27.01.2026