Ўзбекистон | 14:28 / 18.09.2024
8384
3 дақиқада ўқилади

“Водород сулфиди юқори концентрацияда сизиб чиқиши кузатилмади” – Эковазирлик

Экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков 17 сентябрда Бойсундаги “М25” конида яна газ сизиб чиқиши кузатилаётгани юзасидан изоҳ берди. Масъул вакил бу борада ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, атроф-муҳитга қанча зарар етказилгани ҳисобланишини маълум қилди.

18 сентябр куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари матбуот анжумани ўтказилди. Унда иштирок этган вазир ўринбосари Жусипбек Казбеков Kun.uz мухбирининг М25 газ конидаги вазият фонида экологияга қанча зарар етказилганига оид саволига жавоб берди.

Унинг айтишича, ҳозирда бу зарарлар ҳисоб-китоб қилинмоқда, бунинг учун жойларга масъул мутахассислар юборилган. Шунингдек, Казбеков кондаги вазият борасида умуман нималар қилинганини ҳам айтиб ўтди.

Вазирлигимиз ҳукуматнинг бир бўлими, ҳукумат комиссияси аъзоси сифатида жойига 2 сентябр куни етиб борганмиз. Мен ўзим шахсан борганман. Бу ҳолат Сурхондарёдаги бошқармамиз ва республика томонидан мониторинг ишларини олиб бориш учун ўзимизнинг мобил лабораторияларимиз, эколаб ускуналарини олиб бориб, ўзим ҳам жойларда ўлчаш ишларида қатнашганман. Ҳар соат давомида ҳар хил нуқталарда ҳавонинг намуналари олиниб. [У ернинг] яқинида қишлоғимиз бор, "Мустақилликнинг 25 йиллиги" кимё-газ мажмуаси ёнида, шу ерда ишлар амалга оширганмиз.

Зарар ҳисобланадими [ёки йўқ] – бу бўйича ҳам зарур лойиҳа ҳужжатлари асосида ёки бевосита ўлчаш натижасида бундай ишларни олиб боряпмиз. Ҳисоб-китоблар охирига етгач, ўрнатилган тартибда тақдим этилади”, – деди у.

Расмийга кўра, 1-15 сентябр кунигача кондаги вазият юзасидан Эковазирлик ҳамда СЭС ходимлари биргаликда белгиланган ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб бориб, республика штабига маълумотларни доимий равишда бериб бормоқда.

Ҳозир кечаги [ҳолат] бўйича ҳам ходимларимиз жойига чиққан. У ерда ҳам бизга қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланган вазифаларимизни давом эттирамиз”, – дея таъкидлади у.

Қолаверса, вазир ўринбосари ҳозирда кондан водород сульфиди меъёрдан ортиқ чиқиши кузатилмаётгани, у ерда техник ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳодиса бўлганини қайд этди. “Кечаги [меъёрдан] ортиқ бўлгани кузатилмади. Биз 7 хил ҳар хил газларни ўлчаяпмиз, ундай нормативдан ошиш ҳолатлари кузатилмаган”, – деди масъул.

Аввалроқ, Бойсундаги конда 17 сентябр куни такрорий авария рўй бериб, бир неча киши ҳалок бўлгани ойдинлашганди.

Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 18 сентябр куни соат 18:00 да Бойсуннинг ўзида матбуот анжумани бўлишини айтиб, расмий каналида эълон ҳам берганди. Ҳозирда бу хабар ҳокимият каналидан ўчириб юборилган.

Мавзуга оид