Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов 8 октябр кунги матбуот анжуманида Kun.uz'нинг мухбирининг “Ўзбекистон почтаси” атрофидаги вазият юзасидан саволларига жавоб берди.
“UzPost Wildberries'га ишончли бошқарувга берилмаган”
Сўнгги вақтларда “Ўзбекистон почтаси” АЖ Кузатув кенгашидаги 9 та ўриндан 5 тасига Wildberries вакиллари тайинлангани ортидан, миллий почта оператори Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилгани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди. Соҳибжон Муродов буни рад этди. “Бугунги кунда ишончли бошқарувга берилмаган”, – деди Давактив раҳбари.
Унинг айтишича, 2025 йилда “Ўзбекистон почтаси”ни молиявий соғломлаштириш ва корпоратив бошқарув механизмларини янгилаш вазифаси қўйилган. Бунинг учун хусусий банклар ва йирик компанияларда мавжуд амалиёт – хорижий тажрибага эга мутахассисларни ижро органлари ҳамда кузатув кенгашларига жалб қилиш амалиёти UzPost'да ҳам жорий этилган.
Муродов почта хизматлари бозорида Uzum ва Wildberries каби компаниялар фаолияти кенгайгани, анъанавий почта хизматларига талаб эса ўзгарганини қайд этди.
“Почта 50–60 млрд сўмлик даромад манбайини йўқотди”
Агентлик директори Ўзбекистон почтасининг молиявий ҳолати ёмонлашишига сабаб бўлган омиллардан бирига ҳам тўхталди.
“Авваллари почтага яхши даромад келтирган йўналишлардан бири – маъмурий жарималар тўғрисидаги ахборотларни фуқароларга етказиш хизмати эди. Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги ва банклар мобил иловалар орқали бундай ахборотларни етказишни йўлга қўйди. Уни қоғозга чиқариб, конвертга солиб, фуқарога етказиш амалиётидан узоқлашилди.Бу хизмат рақамлашгандан кейин почта жуда катта молиявий йўқотишга учради. Мен миллиардлар ҳақида гапиряпман. Почта битта хизматдан 50–60 миллиард сўмлик даромад манбайини йўқотди”, – деди Соҳибжон Муродов.
Унинг фикрича, бундай шароитда анъанавий почта хизматлари билан чекланиб қолмасдан, янги бизнес йўналишларини ривожлантириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш зарур.
Wildberries почтага 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз ажратиши мумкин
Муродов яқинда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган Ўзбекистон почтаси томонидан 100 млрд сўм қарз жалб қилиш масаласига ҳам изоҳ берди.
“100 миллиард сўм қарз масаласи бўйича корпоратив қарор қабул қилиш кун тартибига киритилган эди. Лекин кун тартибига киритилди дегани қарор қабул қилинди дегани эмас. У ерда ёқлаб овоз берилмади.Сабаби, 100 миллиард сўм маблағни 14 фоиз билан жалб қилиш кўзда тутилган эди. Биз савол қўйдик: бу маблағ қайси йўналишга сарфланади, қачон ўзини қоплайди, оқлайдими? Эртага бу маблағ талон-торож бўлиб, қўшимча қарздорлик шакллантирмайдими? Шу саволлардан кейин почта ўз ҳамкорлари билан қайтадан музокаралар ўтказяпти”, – деди у.
Давактив раҳбарига кўра, ҳозир UzPost'га Wildberries'дан 360 млрд сўмгача фоизсиз қарз жалб қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда.
“Ҳозир биз билан дастлабки келишув жараёнида 360 миллиард сўм қарз жалб қилиш масаласи қўйилган, лекин фоизсиз. Бу бирданига 360 миллиард сўм қарз олинади дегани эмас. 360 миллиард сўмлик кредит линияси очилади. Қанчасига эҳтиёж бўлса, шунчаси олинади. Умуман олмаслиги ҳам мумкин. Лекин ҳар бир харид, ҳар бир йўналиш бўйича олинадиган маблағдан самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинади”, – деди агентлик раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, Wildberries вакилларининг “Ўзбекистон почтаси” кузатув кенгашига жалб этилиши ҳам айнан шу 360 млрд сўмгача фоизсиз маблағ ажратиш режаси билан боғлиқ.
“Ижро органи ўша таркибда турибди, акциядор ўзгаргани йўқ. Биз уларнинг тажрибасидан фойдаланмоқчимиз. Яъни почтани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, жалб қилинаётган қарз маблағларидан самарали фойдаланиш нуқтайи назаридан кузатув кенгашига уларнинг вакилларини жалб қилдик. Лекин бу – муддатли шартнома. Агар натижасини берса, давом эттирилади. Натижа бермаса, бошқа бошқарув усулларидан фойдаланиш йўллари кўрилади”, – деди Соҳибжон Муродов.
Таъкидланишича, UzPost'нинг республика бўйича 1600 дан ортиқ тарқатиш нуқтаси мавжуд. Улар мамлакатнинг 280 та туман ва шаҳрини қамраб олади.
“Почтанинг бутун республика бўйича 280 та туман ва шаҳарда 1600 дан ортиқ тарқатиш нуқтаси бор. Ҳатто чекка маҳаллага борсангиз ҳам, одамлар почта қаердалигини билади. Чунки йиллар давомида бунга ўрганишган. Бу Uzum учун ҳам, Wildberries учун ҳам жуда жозибадор”, – деди Давактив директори.
У “Ўзбекистон почтаси” Uzum билан ҳам кенг кўламли ҳамкорлик қилаётганини қайд этди.
“Uzum билан ҳам ҳозир почтанинг мингдан ортиқ шартномаси бор. Худди шундай Wildberries билан ҳам ҳамкорлик мавжуд. Фақат биз бу ҳақда жамоатчиликка етарлича ахборот бермаганимиз сабабли сизларда шундай саволлар туғилиши табиий. Биз ҳар иккала компания билан ҳам ҳамкорликда ишлаяпмиз”, – деди Муродов.
Маълум қилинишича, “Ўзбекистон почтаси”ни тўлиқ хусусийлаштириш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.
“Почта бўйича хусусийлаштириш масаласида ҳали тўлиқ қарор қабул қилинмаган. Биринчи навбатда халқаро тажрибага эга бўлган, бозорда ўз ўрнига эга соҳавий компанияларнинг тажрибасини киритмоқчимиз. Агар фоизсиз қарз маблағларини жалб қилиш бўйича [Wildberriesбилан] келишувга эришсак, бу ҳақда ҳам жамоатчиликка ахборот эълон қиламиз”, – деди Соҳибжон Муродов.















