Таклиф билан 29 сентябр куни Латвия ички ишлар вазири, "Миллий бирлашма" партияси вакили Янис Домбрава чиққанди. Вазирлик баёнотига кўра, Ўзбекистоннинг бир нечта фуқароси Латвияга келганидан кўп ўтмай жиноят содир этган. Булар орасида вояга етмаганларга қарши жиноятлар ҳам бор.

"Бундай вазиятда биз чора кўришга мажбурмиз. Шунинг учун Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатишни ва бу вақтдан Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланишни таклиф қиляпмиз", деди вазир.

Вазирлик таклифни Иммиграция қонунининг 8-моддаси иккинчи қисмига асослаган. Бу норма ҳукуматга – ички хавфсизлик ва жамоат тартибига таъсирни баҳолаб, муайян учинчи давлат фуқароларидан виза аризалари қабул қилинишини ва уларнинг мамлакатга киришини маълум муддатга чеклаш ҳуқуқини беради. Яъни бундай чекловни вазир эмас, ҳукумат жорий қилади.

Бироқ 29 сентябрдаги мажлисда коалиция ҳамкорлари масалани кун тартибига киритишга тайёр бўлмаган. Латвия ички ишлар вазирлиги таклиф кейинги мажлислардан бирида кўриб чиқилишини кутмоқда.

Ўзбекистоннинг муносабати

Расмий Тошкент бу таклифга дипломатик каналлар орқали жавоб қайтарган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ушбу хабарлар эълон қилинган заҳоти вазирлик томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси томонидан Латвия бош вазири офиси раҳбарияти, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент Администрацияси вакиллари музокаралар ўтказилган. Шу билан бирга, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳам мулоқотлар олиб борди.

“Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилди. Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурди".