Ўзбекистон | 08:58 / 21.09.2024
12188
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда электрдан узилган тадбиркорлар ҳокимият биноси олдига йиғилди

Улар қуёш панели ўрнатмагани учун электр тармоғидан узиш бўйича маҳаллий ҳокимлик ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ўтказаётган “рейд”лардан норозилик билдирмоқда. Kun.uz’га мурожаат қилган тадбиркорлар ҳокимликнинг бу ҳаракатини ноқонуний деб баҳоламоқда.

Фото: Видеодан кадр

Сирдарё туманида бир гуруҳ тадбиркорлар ҳокимлик биноси олдига тўпланди. Улар ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз равишда, қуёш панеллари ўрнатмагани учун электрдан узиб қўйилганидан норозилик билдиришган.

 “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тадбиркорларнинг “свети”ни ўчирган, шунча одам сарсон. Қуёш панелларини қўйиш учун мажбурлаб ўчиришяпти. Электр таъминоти корхонасига борсак, ихтиёрий дейди, аммо асослаб беришмаяпти нега бизни электрдан узишганини”, дейди Kun.uz’га мурожаат қилган тадбиркорлардан бири.

Бошқа бир тадбиркор эса озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишини, музлаткич ишламаса маҳсулотлари бузилиб қолишини маълум қилган.

Бу очиқчасига тадбиркорни “синдириш”. Бир кунда кутилмаганда электрдан узиб қўйишяпти қуёш панели ўрнатмадинг деб. Музлаткичда гўшт ва бошқа маҳсулотлар бор. Улар бузилиб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолса, ортиқча харажатга тушаман, “минус”га кираман”, дейди у.

Тадбиркорлар ҳокимлик биноси олдидаги йўлни ҳам тўсиб қўйишган. Маълум бир вақтдан сўнг туман ҳокими келиб, улар билан учрашган. 

Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорларга қуёш панелларини ўрнатиш мажбурияти қўйилмоқда. Панел ўрнатмаганлар электр токидан узилиши борасида ҲЭТК томонидан огоҳлантирилган. Энергетика вазирлиги бундай ҳаракатларни ноқонуний дейиши билан бу ноқонуний ҳаракатлар тўхтаб қолгани йўқ.

Олдинроқ Олтинкўл ва Оққўрғон туманлари, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида фаолият юритадиган тадбиркорлар ҳам Kun.uz'га мурожаат қилиб, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланаётганини билдирганди.

Мавзуга оид