“10 кунда панел ўрнатмасак, токдан узишаркан” — Тадбиркорларни мажбурлаш давом этмоқда
Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорларга қуёш панелларини ўрнатиш мажбурияти қўйилмоқда. Панел ўрнатмаганлар электр токидан узилиши борасида ҲЭТК томонидан огоҳлантирилган. Энергетика вазирлиги бундай ҳаракатларни ноқонуний дейиши билан, бу ноқонуний ҳаракатлар тўхтаб қолгани йўқ.
Kun.uz'га Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, Фарғона шаҳри ва Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида фаолият юритадиган тадбиркорлар мурожаат қилиб, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланаётганини билдирди.
Аввалроқ бундай ҳолат бошқа бир нечта ҳудудларда ҳам кузатилаётгани маълум бўлганди.
“11 сентябр куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги тадбиркорларга электросетдан огоҳлантириш хати бериб кетишди. 10 кун муддат ичида қуёш панели қўймасак, [токдан] узиб кетишар экан, лекин йил бошида шартнома қилганимизда ундай шарт билан шартнома қилмаганмиз. Электросет раҳбарлари “бизни ҳокимият мажбур қиляпти”, деб айтишди. Ўзи бу мажбурийми ё мажбурий эмасми? Бу хатни беришдан олдин 1ой давомида ҳоким камида 8 марта бизни йиғиб мажлис ўтказди. Биз 10 нафар тадбиркор сизларга мурожаат қилмоқчимиз, 2 кундан кейин бу вақт тугайди”, – дейди мурожаатчи.
Фарғона шаҳрида фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркор ҳам шундай шикоят йўллаган.
“Канцелярия дўконим бор. Мени ва қўшни дўконларни Фарғона шаҳар электр тармоқлари корхонасидан келиб, қуёш панели ўрнатиш мажбурийлиги, агар ўрнатмасак, электр токидан узишдан огоҳлантириб кетишди”, – дейди у.
Тадбиркорнинг айтишича, уларга огоҳлантириш хатлари Фарғона шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан 10 августда юборилган. “Энди токдан узиб кетишаркан, бугун айтиб кетишди”, – дейди ЯТТ.
Бу каби ҳолат Қувасой шаҳрида ҳам кузатилаётгани маълум. Шаҳардаги савдо дўконлари ва ишлаб чиқариш соҳаси тадбиркорларига огоҳлантириш берилган.
Kun.uz аввалроқ Олтинкўл туманида қуёш панели ўрнатмаган тадбиркорлик субъектлари ёппасига электрдан узилгани ҳақида ёзганди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, Намангандаги туманларнинг бирида метан-шохобча қуёш панели ўрнатмагани учун газдан узилган, натижада бошқа шохобчада турнақатор навбатлар юзага келган.
Бунга жавобан, Энергетика вазирлиги қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаш ҳолатларини қоралаб чиқди. Вазирлик бундай мажбурлаш қонунчиликка зид эканини эслатган, лекин бунақа ҳолатлар бўлаётганини на тасдиқлаган, на рад этган. Ваҳоланки, тадбиркорларни светдан узиб қўяётган ташкилотлар – ҲЭТКлар тўғридан тўғри вазирлик тизимига киради.
Энергетика вазирлигининг қайд этишича, президент қарорлари асосида қуёш панеллари ва қуёш сув коллекторларини ўрнатиш имконияти бор тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонлари учун бундай маҳсулотлар тарғиботини кучайтириш вазифаси қўйилган. Лекин кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир ҳужжатда йўқ, дейилади баёнотда.
Qalampir.uz'нинг ёзишича, август ойи охирида Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги кўплаб тадбиркорлик субъектларига, хусусан нашр таҳририяти ижарада бўлиб турган бино маъмуриятига ҳам туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Равшан Мирсултонов томонидан имзоланган огоҳлантириш хатлари юборилган. Хатда тадбиркорларга 10 кун муддат бериб бўлиб, шу муҳлат ичида улардан доимий яшил муқобил энергияга ўтиш ва электр энергиясини 20 фоиз иқтисод қилиш талаб қилинган. Акс ҳолда, тадбиркор ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электрдан узилиши таъкидланган.
Жорий ҳолат – республика бўйича қуёш панелларини мажбурий ўрнаттириш бўйича биринчи кампания эмас. Бу ҳол шу йил бошида, феврал ойида ҳам кузатилганди.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
20:11 / 19.12.2024
Халқ истеъдоди, вақти ва имкониятларини йўқотаётган муаммо
19:28 / 18.12.2024