Ўзбекистон | 20:20 / 27.02.2020
37460
5 дақиқада ўқилади

«Камбағалликни камайтириш ёппасига кредит бериш дегани эмас» — Президент тадбиркорликни ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда тадбиркорликни ривожлантириш ва касбга тайёрлаш орқали камбағалликни камайтириш чоралари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Маълумки, ҳар қандай мамлакатда аҳолининг кам таъминланган қатлами мавжуд. Ўзбекистонда ҳам одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмас.

Халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», томорқани ривожлантириш каби дастурлар қабул қилинди. Ўтган икки йил давомида биргина оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида бюджетдан қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Албатта, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар учун даромад манбаи яратишга хизмат қилди.

Камбағаллик юртимизда кўп йиллар «ёпиқ мавзу» бўлиб келди. Жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бугунги видеоселектор йиғилишида шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишларни самарали амалга ошириш мақсадида президентнинг 2020 йил 18 февралдаги фармони ҳамда қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни камайтиришга масъул лавозимлар жорий қилиниб, вертикал тизим яратилди.

Шунингдек, куни кеча Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳамда ҳукуматда алоҳида котибият ташкил этилди.

«Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак», – деди давлат раҳбари.

Шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан камбағалликка қарши курашишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Йиғилишда аввало ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги ҳақиқий шароит ва аҳволни таҳлил қилиш кераклиги қайд этилди. Бунинг учун, биринчи йўналишда камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумот йиғилиши, иккинчи йўналишда туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари харитаси тузилиши белгиланди.

«Одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишимиз зарур», – деди Президент.

Қайд этилганидек, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади. Зарур инфратузилма яратиш учун Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Мавзуга оид