1 октябр – Осиё ўйинларининг ўн иккинчи кунида Ўзбекистон делегацияси вакиллари спортнинг 12 турида мусобақаларда иштирок этди, аммо кунни олтин медалсиз якунлади.
Кун давомида атиги иккита кумуш медал қўлга киритилди – дзюдода Шаҳрам Аҳадов, юнон-рум курашида Алишер Ғаниев финалгача етиб борди, аммо ҳал қилувчи баҳсларда ютқазишди.
Дзюдо
Ўзбекистон дзюдо жамоаси бугунги дастурда 5 нафар спортчи билан иштирок этди.
-73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов турнирни яхши ўтказди. Амалдаги Осиё чемпиони ҳисобланган ушбу спортчи дастлабки босқичда Афғонистон вакили Сайид Муҳаммад Сайидийни (иппон), чоракфиналда жанубий кореялик Ан Жаеҳонгни (иппон), яримфиналда эса япониялик Тацуки Ишиҳарани (юко) мағлуб этди.
Аммо финалда БАА номидан иштирок этган асли россиялик Казбек Нагучевга ютқазди ва кумуш билан кифояланди.

-81 кг вазн тоифасида қатнашган Арслонбек Тожиев эса биринчи босқичдаёқ тожикистонлик Абубакр Шеровга мағлуб бўлди. Тожикистонлик курашчи финалгача етиб бора олмади ва Тожиевда бронза учун курашиш имконияти юзага келмади.
Ўз навбатида, қизлар жамоасининг уч вакили ҳам бронза учун курашди.
-57 кг вазн тоифасидаги Шукуржон Аминова аввалига қирғизистонлик Жанар Жўлдошевани (иппон), кейин қозоғистонлик Дана Абдировани (иппон) мағлуб этди, аммо яримфиналда ушбу вазн тоифаси фаворити (жаҳон чемпиони ва Олимпиада финалчиси) бўлган Ҳу Ми Мига мағлуб бўлди. Якунда кореялик спортчи финалга чиқиб, чемпион бўлди, бу эса Аминовага бронза учун курашиш имкониятини тақдим этди. Аммо ўзбекистонлик дзюдочи медал учун баҳсда япониялик Мио Шираканедан иппон баҳоси билан мағлуб бўлди.
-63 кг вазн тоифасида беллашган Маржона Нуриллаева биринчи баҳсдаёқ КХДР вакили Ким Жи Ҳйега ютқазди (вазари), рақиби финалгача чиққани туфайли Нуруллаевада бронза учун курашиш имконияти туғилди. У дастлаб ўтиш баҳсида қирғизистонлик Адина Кўчконбаевадан устун келганди (юко), аммо медал учун баҳсни қозоғистонлик Эсмигул Куюловага бой берди (вазари).



















