Президент Ислом Каримов Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан байрам табригини йўллади. Табрик телевидениеда ўқиб эшиттирилди. Табрик матни ЎзА томонидан тарқатилган.

Азиз ватандошлар!

Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан барчангизни, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман.

Қадрли дўстлар!

Барчамизга аёнки, мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас. Бу ҳақиқатни чуқур англайдиган халқимиз    шу  курашда  фидойилик   кўрсатган, қурбон бўлган ота-боболаримизнинг хотирасини қалбида абадий сақлайди.

Айни шу кунларда ўзини оқламаган эски тузумдан янги тизимга ўтиш даврини эслар эканмиз, бошимиздан кечирган машаққатли кунлар ва оғир синовлар беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади.

Айниқса, собиқ тузум асоратлари туфайли республикамизда аҳвол нақадар хатарли тус олганини аввало таъминот масаласи бутунлай издан чиқиб, халқимизни боқиш учун бор-йўғи бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун захираси қолгани, тартиб-интизом бўшашиб, турли қўпорувчи ва ғаламис кучлар бош кўтариб, юртимиз деярли жар ёқасига келиб қолгани мисолида тасаввур қилиш қийин эмас.

Ана шундай ўта таҳликали вазиятда ҳам биз ўз танлаган йўлимиздан – мустақиллик йўлидан қайтмадик.   Чунки   биз   яхши     тушунардик   –      ҳаёт-мамотимиз ҳал бўлаётган айни шундай дамларда қийинчилик ва тўсиқлар олдида бўш келиш – бу ҳозирги ва келажак авлодлар олдида хиёнат қилиш билан баробар бўлур эди.

Айни шу пайтларда халқимиз ўзининг қатъияти ва матонатини амалда намойиш этиб, Ўзбекистонимизнинг ёруғ ва буюк келажагига ишончини йўқотгани йўқ ва иншоолло, ҳеч қачон йўқотмайди.

Ҳақиқатан ҳам, мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ, аҳволимиз қандай оғир ва хавф-хатарли бўлмасин, ҳар қадамда пайдо бўлаётган тўсиқ ва ғовларни, турли муаммоларни ечиш билан банд бўлишдан қатъи назар, мамлакатимизнинг бугунги куни ва истиқболига жавоб берадиган, чуқур ўйланган стратегиямиз устида ишимизни тўхтатганимиз йўқ.

Биз олдимизга қўйган буюк мақсадларга эришишда – эркин, демократик давлат қуриш, бозор иқтисодиётига ўтиш, фуқаролик жамиятини барпо этишда,   мамлакатимизни   тараққий   топган давлатлар  қаторига кўтариш йўлида шошма-шошарлик ва пала-партиш ишларга йўл қўймадик, жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиб, лекин кимдандир кўр-кўрона нусха олганимиз йўқ. Бу борада чуқур маънога эга бўлган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ғоя асосида эл-юртимизга хос хусусиятлар, шарт-шароитларга мос бўлган, халқаро майдонда “ўзбек модели” деб тан олинган, узоқни кўзлаган йўлни ўзимизга маъқул топдик ва уни амалга оширишга киришдик.