Жамият | 11:42 / 06.09.2016
9521
2 дақиқада ўқилади

Корея республикаси “пора” тушунчасига аниқлик киритди

Корея Республикаси ҳукумати “пора” иборасига аниқлик киритувчи қонунни қабул қилди. Уни мамлакат бош вазири Хван Гё Ан Вазирлар маҳкамаси йиғилиши чоғида имзолаган. 

Давлат хизматчилари тўғрисидаги янги қонунга мувофиқ, журналистлар ва мактаб ўқитувчилари 50 минг вондан (45 долларга яқин) қиммат ҳадялар олиши, ресторанларда 30 минг вондан ортиқ (27 доллар) тамадди қилиши ва мотам ёки байрам муносабати билан 100 минг вондан ортиқ (90 доллар) пул маблағи олиши тақиқланади. Шу билан бирга, ҳукумат мулозимларининг устозлик фаолияти учун йирик маош тўланади. Хусусан, давлат мулозими бир академик соат маърузаси учун 500 минг вон (450 доллар) олади.

"Бу қонун Корея республикасида янада демократик ва шаффоф жамият барпо этишга имкон беради", - деб қайд этган Хван Гё Ан.

У, шунингдек, ҳукумат қонун туфайли маҳаллий тадбиркорлар, биринчи галда қишлоқ хўжалиги компанияларига етказиладиган зарарларни камайтириш учун ҳаракат қилишини таъкидлаган. 

Гап шундаки, Жанубий Кореяда турли тантана ва байрамларда қиммат нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, олий сифатли гуруч, мармар гўшт, эксклюзив чой кабиларни ҳадя қилиш анъанага айланган. Қонунни қораловчиларнинг айтишича, ушбу ҳужжат мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга салбий таъсир кўрсатади. 
 

Мавзуга оид