Инсонлар саёҳат қилишдан бош тортишларининг асосий сабабларидан бири - маблағ етишмаслиги. Аксарият инсонлар бунинг учун жуда кўп маблағ талаб этилади, деган фикрдалар, бироқ машҳур сайёҳ Мэттью Кепнеснинг тажрибаси бундай эмаслигини исботлайди.
"Кўчманчи Мэтт" номи билан танилган Мэттью Кепнес - америкалик сайёҳ, бир неча бестселлерлар муаллифи, блогер. New York Times, CNN, National Geographic, Huffington Post, The Wall Street Journal ва BBC нашрларида мақолалари чиққан.

У 10 йил аввал зерикарли котиблик касбини ташлаб, дунё бўйлаб саёҳатга йўл олганди. Ўшандан бери Мэтт деярли 80 мамлакатда бўлди ва профессионал саёҳатчига айланди. Эндиликда у ўз тажриба ва кўникмаларини бошқалар билан бўлишмоқда. Унинг янги китоби "Қандай қилиб кунига 50 доллар сарфлаб дунё бўйлаб саёҳат қилиш мумкин" деб номланган. Қуйида ушбу китобдан келтирилган тавсиялар билан бўлишамиз.
1. Чипта ва меҳмонхоналарни жуда эрта банд қилманг

Аксарият ёш сайёҳлар чипта ва меҳмонхоналарни қанчалик эрта банд қилсанг, шунчалик арзонга тушади, деб ўйлашади, бироқ бу қоида ҳар доим ҳам иш беравермайди. Мэттью Кепнес авиачипталарни жўнашдан 3-4 ой олдин буюртма қилишни тавсия қилмайди. Агар сиз круиз ёки пакет тур режалаштирган бўлсангиз, у ҳолда охирги дақиқаларгача кутиш керак.
"Сайёҳлик компаниялари барча жойларни тўлдириб, йўлланмаларни сотиши керак, шу боис улар баъзан мисли кўрилмаган нархлар таклиф этишади".
Мэттью Кепнес
2. Сайёҳлик жойлари яқинида овқатланманг

Аксарият сайёҳлар машҳур обидалар ёки диққатга сазовор жойлар яқинида ҳаракатланишади. Бу ерда одатда ўзига хос экзотика билан сайёҳлар эътиборини жалб қилувчи кўплаб ресторанлар ва кафелар жойлашган бўлади.
Ҳеч қачон ана шундай жойларда тамадди қилманг! Бадавлат мижозлар оқими бундай масканлар ходимларни ўргатиб қўяди ва айнитади, бу эса таомлар сифати ҳамда нархига салбий таъсир кўрсатади. Бой-бадавлат сайёҳлар таомларни шундайлигича еяверса, бундан ортиқ ҳаракатга не ҳожат?!
Бироз юриб, маҳаллий аҳоли овқатланаётган жойларга киринг. Бу ерларда сизларни ҳақиқатдан ҳам мазали таомлар билан сийлашади, уларнинг нархи эса сайёҳларга мўлжалланган тамаддихоналардан анча арзонлиги билан сизни ҳайратлантириши ҳам мумкин.
















