Колумбия президенти FARC билан тинчлик сулҳи бўйича референдумдаги мағлубиятни тан олди
Колумбия президенти Ҳуан Мануэль Сантос ҳукумат ва «Колумбия инқилобий қуролли кучлари» (FARC) исёнчилари ўртасидаги келишув якшанба куни ўтказилган умуммиллий референдум якунларига кўра халқ томонидан қўллаб-қувватланмаганини тан олди. У шу билан биргаликда тинчлик ўрнатилиши бўйича кураш давом этишига ваъда берган.
"Мен тан бермайман. Президентлигимнинг охирги дақиқасига қадар тинчлик учун курашаман", деган Сантос халққа телемурожаати вақтида.
У шунингдек, сулҳ битими муваффақиятсизликка учраган бўлсада исёнчилар билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув амалда қолишини айтиб ўтган.
Колумбия ҳукумати маълумотига кўра, 99,79 фоиз бюллетенлар ҳисоблангач, референдумда иштирок этганларнинг 50,23 фоизи келишувга қаршилиги, 49,76 фоизи розилиги маълум бўлган.
Ўтган ой охирида Тинчлик ҳақидаги битим 52 йил давом этган фуқаролик урушидан сўнг имзоланганди. Мазкур давр ичида 260 минг киши ҳалок бўлган, яна олти миллион одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Мавзуга оид
00:47 / 26.10.2024
Италиялик наркосавдогар Эскобар қабри олдида суратга тушганидан кейин қўлга олинди
18:57 / 22.10.2024
Колумбияда Италия мафияси етакчиси қўлга олинди
11:10 / 22.10.2024
Колумбияда 2023 йилда рекорд миқдорда кокаин ишлаб чиқарилди
12:23 / 13.08.2024