Жаҳон | 18:54 / 13.10.2016
4166
2 дақиқада ўқилади

Германия ички ишлар вазири Ўрта Ер денгизида қутқарилган муҳожирларни Африкага жўнатишни таклиф қилди

Фото: © AP

Ўрта Ер денгизида қутқариб олинган барча ноқонуний муҳожирларни яна ортларига – Шимолий Африкага юбориш керак, деб айтди Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер. У бу ҳақда Люксембургда ўтаётган Европа Иттифоқи давлатлари ички ишлар вазирлари иштирокидаги йиғилишда айтиб ўтди.

"Ўрта Ер денгизида қутқарилувчи одамлар Шимолий Африкадаги вақтинчалик бошпаналарга жўнатилиши керак. У ерда уларнинг ҳимояга муҳтожликлари текшириларди ва биз бундайларни Европага жўнатиш механизмини ташкил қила олган бўлардик", деб келтирди де Мезьер айтган сўзларни Agence France-Presse ахборот агентлиги. ""Иқтисодий муҳожирлар" деб тан олинганлар эса ўз давлатларига қайтарилишлари керак, деб ҳисобламоқда де Мезьер.

2015 йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бир қатор давлатларда ихтилофларнинг авж олиши сабабли бу минтақалардан Европага келаётган муҳожирларнинг сони кескин ошиб кетди. Ўрта Ер денгизи орқали йўл бундай муҳожирлар учун Европага келишнинг асосий йўли ҳисобланади. 

Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг маълум қилишича, йил бошидан бери Ўрта Ер денгизи орқали Европа давлатларига 303 мингга яқин муҳожир ва қочқинлар келган. Шу билан бирга 3,5 мингдан кўпроқ одам йўлда ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.

 

Мавзуга оид