Ўзбекистон | 15:55 / 04.11.2016
41409
2 дақиқада ўқилади

Сергелида ер усти метроси қурилиши бошланди

Фото: railway.uz

Тошкент шаҳрининг Сергели мавзесигача «Енгил метро» тизимини, яъни ернинг устидан эстакадалар (кўприклар) орқали ўтган янги метрополитен йўлини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати хабар берган.

Сергели мавзесига ер ости метросини қуриш мураккаб иш бўлгани сабабли метро ер остида эмас, эстакадалар орқали ҳаракатланади.

«Метрополитеннинг Олмазор»€ бекатидан Сергели мавзесигача узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи 6та бекат қурилиши режалаштирилган. «Сергели» йўналиши метронинг «Олмазор» бекатидан уланади», дейди лойиҳа бош муҳандиси Суннат Жумабоев.

Мураккаб муҳандислик лойиҳалари асосида бунёд этилаётган иншоот шаҳримизнинг "Чоштепа» маҳалласи оралиғидан ўтади. Янги йўлнинг сўнгги бекати Спутник мавзесидаги Марғиб кўчаси бўлади. Қурилиш жараёнида узунлиги 26 метрни ташкил этувчи кўплаб балкалар ўрнатилади. Лойиҳа 4 йилга мўлжалланган. Бекатларда эскалаторлар, кутиш майдончаси ўрнатилади, амалиётга сўнгги русумдаги технологиялар жорий этилади.

Бугунги кунда шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан Юнусобод йўлининг «Шаҳристон» ва «Туркистон» бекатларигача бўлган узунлиги 2,7 километрни ташкил этувчи, лойиҳа доирасида битказилмай қолган ҳудудда ҳам ишлар бошланган.

Бундан олдинроқ Тошкент шаҳрида бунёд этилиши давом эттирилаётган метро қурилиши энди «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди.

Тошкентда метронинг Юнусобод йўналишининг қолган қисми қурилиши бошланди

Мавзуга оид