Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Маълумки, Марказий сайлов комиссияси шу йилнинг 9 сентябрь куни сайлов кампаниясини эълон қилгач, халқаро ташкилотларга, бир қатор хорижий мамлакатларга сайловни кузатишда иштирок этиш учун таклифнома юборди. Бу билан юртимизда сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини, Ўзбекистоннинг халқаро ҳужжатлар доирасида олган мажбуриятларига масъуллигини ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга содиқлигини намойиш қилди.

Шу кунларда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси узоқ муддатли кузатувчилари сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда. Кузатувчилар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилиги асосида сайлов жараёнининг барча босқичини, Президентликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш масалаларини, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича фаолиятини, шунингдек, аҳолининг турли қатламлари электорал фаоллиги даражасини ўрганаяпти.

Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мариника Бобоназарова билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар фаолиятининг ҳуқуқий асослари хусусида суҳбатлашди.

— Халқаро кузатув — сайлов тизимининг муҳим ¬институтларидан бири бўлиб, нафақат ушбу сиёсий тадбирнинг очиқ ва ошкоралиги ҳамда сайловчилар ишончи юксалишига, айни пайтда ўзаро билим алмашиш, сайлов жараёнининг энг яхши амалиёти билан танишиш асосида ушбу тизимни изчил демократик ривожлантиришга ҳам хизмат қилади, — дейди у. — Халқаро кузатувлар давлатлар ўртасида ижтимоий-сиёсий соҳада икки ва кўп томонлама ҳамкорликни, шунингдек, мамлакатимизнинг халқ-аро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида нуфузини мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Юртимизда сайловларни халқаро кузатишнинг мана шундай аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, унинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда умумэътироф этилган сайлов стандартлари асосида халқаро кузатув институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Ушбу соҳада халқаро стандартларнинг аҳамияти қандай ва улар қай тарзда шаклланган?

— Маълумки, умумэътироф этилган сайлов стандартлари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа конвенцияси, МДҲ аъзо-давлатларида

Демократик сайлов, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги конвенция сингари ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Улар ¬Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа ¬сиёсий декларацияларда, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳужжатлари, Европа Кенгаши Венеция комиссиясининг сайлов масалаларига оид кодексида ҳам ўз ифодасини топган.