Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроқўми миссиялари, Осиё, Европа, Африка ва Америка қитъасининг қирқдан ортиқ мамлакатларидан хорижлик экспертлар иштирок этади. Бугунги кунда уларнинг аксарияти сайлов жараёнини бевосита мамлакатимиз ҳудудларида, чет давлатлардаги ваколатхоналаримизда тузилган сайлов участкаларида кузатиб боришмоқда.
Хенрик ВЕСТЕРБИ,
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси аъзоси:
— Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан танишдим. Ҳозирги вақтда сайлов комиссиялари, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг Президент сайловига тайёргарлик кўришга оид фаолиятини ўрганаяпмиз, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан сайлов жараёнини ёритиш бўйича ишлари юзасидан суҳбатлашмоқдамиз. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, биз сайлов кампаниясини кузатиш асносида нафақат сиёсий тадбирнинг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқлигини баҳолаймиз, айни пайтда ўзимиз ҳам тажриба тўплаяпмиз.
Йоэль РАЗВОЗОВ,
Исроил Кнессети депутати:
— Сайловларни эркин ва ҳалол ўтказиш фуқаролик жамиятининг мамлакат сиёсий тизимига ишончини мус¬таҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Республикада номзодларни кўрсатиш ҳамда рўйхатга олиш Конституция доирасида Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ ўтказилди. Давлат бошлиғи лавозимига номзодларга ўз дастурини оммавий ахборот воситаларида, сайловчилар билан учрашувларда илгари суриш учун тенг имкониятлар яратиб берилган. Уларнинг сайлов штаблари аҳоли ўртасида фаол сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда. Сайловчилар сайлов кампаниясининг барча тадбиридан хабардор эканлиги, улар ўз конституциявий ҳуқуқларини чуқур билишини алоҳида айтиб ўтишни истардим.
Хилел НЬЮМАН,
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги стратегик ¬тадқиқотлар департаменти сектор бошлиғи:
— Ҳозирги кунда халқаро ҳамжамиятнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига қаратилган. Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли сони кўплиги бўйича энг йирик мамлакат сифатида минтақа ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ривожланиши ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Айнан шу омиллар сабаб ҳам дунё жамоатчилиги томонидан Ўзбекистондаги сайловларга алоҳида қизиқиш билан қаралмоқда. Сайловолди кампаниясида барча сиёсий партиялар иштирок этаяпти. Бу эса сиёсий рақобат мавжудлиги ҳақида сўз юритиш учун асос бўлади. Сайлов қонунчилиги эркинлаштирилгани, партияларга ҳокимият учун кураш ҳуқуқи берилгани, фуқаролик жамияти инс¬титутларининг сайлов жараёнига фаол жалб қилингани, кўп сонли халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилгани ҳам Ўзбекистоннинг демократия ва очиқликни таъминлаш борасида дадил бораётганидан ¬далолатдир.














