Аввал хабар қилинганидек, 17 ноябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 18 ноябрь куни Ҳазрати Ҳизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қабрини зиёрат қилди ва Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида музокара бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик йўллагани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирди. Ражаб Эрдўған Самарқандга ташриф буюриб, Юртбошимизнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига юксак эҳтиром ифодасидир.
Ушбу ташриф Туркияда Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият берилишидан далолат экани қайд қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган.
Ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркияга ўзининг муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори сифатида қарашини, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.
Ражаб Эрдўғон Туркия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги устувор шерик деб билишини, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти изчил давом этишига ишончи комил эканини алоҳида таъкидлади.
Икки мамлакатнинг бугунги муносабатлари Ўзбекистон ва Туркиянинг имконият ва салоҳиятига мос эмаслиги, ушбу учрашув ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашиш учун қулай имконият экани қайд этилди.
Музокарада Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилиниб, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ташкил қилиш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш тўғрисида фикр алмашилди.

















