Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган.

Жамоат транспортини ривожлантириш масалалари. Пойтахтимизда жамоат транспортидан фойдаланиш масаласи бугунги кунда долзарб бўлиб қолмоқда.

Бу борада автобус, метро ва бошқа турдаги жамоат транспортларининг фаолиятини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, келгуси 5 йилда умумий қиймати қарийб 390 миллиард сўм бўлган 4 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шаҳарда серқатнов, тирбанд ҳудудлар бўйича 80 та янги автобус йўналиши ташкил этилади. Ҳар йили катта ва ўрта сиғимдаги 100 та автобус харид қилинади. Бу мақсадларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 335 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Енгил автомобиль ҳайдовчиларига қулайлик яратиш мақсадида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек, Сирғали ва Яшнобод туманларида 4 та кўп қаватли автогаражларни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шундай гаражларни барпо этиш мақсадида келгуси 5 йилда яна 84 та лойиҳа амалга оширилади.

Мисол учун, Сирғали туманининг “Сирғали-6” мавзесида жойлашган 400 та автомобилга мўлжалланган кўп қаватли автогараж қурилишига жами 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, у 2017 йилда ишга туширилади.

Тошкент метроси қурилишини давом эттириш юзасидан 2017-2020 йилларда умумий қиймати 295 миллион доллар давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан узунлиги 10 километрдан иборат 8 та станцияни ўз ичига олган 2 та лойиҳани ишлаб чиқиш таъминланади.

Шаҳарнинг ҳалқа йўли бўйлаб узунлиги 66,3 километр бўлган темир йўл транспорт воситасини – яъни, электричкани йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳани 2017-2030 йилларда амалга ошириш учун давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 189 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Тошкент шаҳри аэропортида 2019-2020 йилларда янги халқаро терминал қурилиши амалга оширилади. Бунинг учун давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 336 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Йўл ва йўл ўтказгичлар тармоқларини ривожлантириш масалалари.

Сўнгги вақтда янги кенг автомобиль йўллари ва кўприклар, чорраҳалар барпо этилгани пойтахтимиз йўлларида қатновни бир маромда таъминлаш имконини бермоқда.