«Қўқон – Андижон – Қўқон» йўналишида электричка қатнови йўлга қўйилди
Куни кеча Қўқон темир йўл вокзалидан «Қўқон – Андижон – Қўқон» йўналишида замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, йўловчилар учун барча қулайликларга эга электричканинг шаҳарлараро қатнови йўлга қўйилди
Эндиликда «Қўқон – Марғилон – Андижон» йўналиши бўйича ҳар куни иккитадан электропоезд йўловчиларга хизмат кўрсатади. Ушбу йўналиш Андижон ва Фарғона вилояти аҳолиси учун хавфсиз ва арзон транспорт тури сифатида катта қулайлик бўлди, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари»
Қайд этилишича, янгиланган вариантдаги замонавий ва қулай электричкада йўловчилар учун барча шароитлар мавжуд. Вагонларда қишда иссиқ, ёзда салқин ҳарорат таъминланади. Йўловчилар вагондаги юмшоқ ўриндиқлардан жой олиб, ўрнатилган мониторларда манзилга етгунга қадар концерт дастурларини томоша қилиб, янгиликлардан ҳам хабардор бўлади.
Эрталабки соат 06:22да Қўқон вокзалидан чиққан поезд соат 9:03да Андижон вокзалига етиб келади. Масофанинг умумий узунлиги 136 километрни ташкил этиб, электричка бу йўлни 2 соат 45 дақиқада босиб ўтади. Андижондан шу поезд соат 10:10да жўнаб Қўқон шаҳрига соат 12:57да қайтади. Соат 14:50да поезд яна шу йўналиш бўйича орқага қайтиб Андижонга 17:55да кириб боради. Бир кунлик сўнгги рейс 20:55да Қўқон шаҳрига йўловчи поездининг кириб бориши билан якунланади.
Электричка ўз йўлида 9та вокзалда тўхтаб ўтади. Қўқондан Олтиариққа чипта нархи 3000 сўм, Қува ва Марғилонгача – 5000 сўм, Қўқондан Андижонгача эса – 7000 сўмни ташкил этади.
Таъкидланишича, «Қўқон – Марғилон – Андижон» йўналиши учун қатновга қўйилган электричкалар ҳам тармоқ тасарруфидаги вагон деполарида қайта таъмирланиб, йўловчилар учун ҳам хавфсиз, ҳам қулай ва сифатли кўринишга келтирилди. Айни пайтда «Тошкент – Хўжакент –Тошкент» ҳамда «Тошкент – Гулистон – Тошкент» йўналишида ҳаракатланадиган электричкалар ҳам сифатли таъмирлаш жараёнидан ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
20:54 / 26.11.2024
Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси. Дефицит – 36 трлн сўм
15:18 / 26.11.2024
Қўқонлик табиб яна трендда – унинг фаолияти ҳақида нималар маълум?
15:56 / 25.11.2024
Андижон давлат техника институти ташкил этилади
07:40 / 25.11.2024