Ўзбек халқининг севимли шоири ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг собиқ раҳбари, Ўзбекистон мадҳиясининг сўзлари муаллифи, «Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси» халқаро ижтимоий ҳаракатининг вице-президенти ва Ўзбекистондаги Интеллектуал мулк агентлиги раҳбари – Абдулла Орипов (1941-2016) ҳаётдан кўз юмди. У лицейимиз томонидан ўтказилган кўпгина маданий тадбирларда иштирок этиш мақсадида бу ерга келиб турар эди. Ягона ўғли бизнинг «Интерхаус»имизда таълим олган. Шу сабабли, жамоамиз орасида шоирнинг номи тез-тез ва илиқлик билан тилга олинади.
Ўзбек халқининг буюк фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов 2001 йилда Абдулла Ориповнинг 60 йиллик тўйи муносабати билан қутлаб, шундай деган эди: «Ҳозирги кунда халқимиз, 500 йилдан зиёд вақт ўтган бўлишига қарамай, Ҳазрати Алишер Навоийни қалбида сақлаганидек, Сизни ҳам, азизим Абдуллажон, асрлар оша унутмайдилар…».
Абдулла Ориповнинг ижоди ва ижтимоий фаолияти тўғрисида ўзбекистонликлар кўп маълумотга эга. Бироқ Абдулла аканинг халқаро майдондаги улкан хизматларини кўпчилик танимайди: 1995 йилда Марказий Осиё халқлари маданияти вакилларининг Биринчи Қурултойига делегат, 4 йилдан сўнг эса раҳбари этиб сайланди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан ҳамда қардош давлатлар Президентларининг қўллаб – қувватлаши, шунингдек, маданият арбобларининг фаол иштирокига биноан, 1995 йилнинг 21-22 ноябрь кунларида Тошкент шаҳридаги «Туркистон» саънат саройида «Туркистон - умумий уйимиз» шиори остида, мустақил давлатлар миллий маданиятини ўзаро ривожлантириш ва интеграциялаштиришга қаратилган кучли қурол яратилди.
Н.А. Назарбаев, А.А.Акаев, Э.Ш. Раҳмонов ва И.А.Каримов Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг атоқли маданият арбоблари форуми ишида иштирок этишлари учун ҳар бир мамлакатдан 50 нафардан вакил юборишди. Қурултойнинг очилиш маросимида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентларининг Биринчи Қурултой қатнашчиларига жўнатган салом сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Тошкент шаҳри - «Ассамблея»нинг Бош қароргоҳи деб қабул қилинди, бутун дунёга машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов – «Ассамблея»нинг Президенти этиб тайинланди. Бундан ташқари, Бош қароргоҳда фаолият юритиши учун 2 нафар биринчи вице-президент, ҳар бир мамлакатда «Ассамблея» филиали бошқарувчиси сифатида 1 нафардан вице-президент сайланди, Бош Кенгаш (20 нафар аъзодан иборат) ва Ревизия коммисияси (5 нафар аъзодан иборат) ташкил қилинди.



















