Ўзбекистон | 17:46 / 05.12.2016
12060
4 дақиқада ўқилади

МДҲ миссияси раиси: “Ғарб оилага бўлган муносабат масаласида ўзбеклардан ўрнак олсин!”

Фото: ЎзА

МДҲ давлатларининг 73 нафар вакили 17 ноябрь куни Ўзбекистондаги Президентлик сайловларини кузатиш учун ташриф буюрди. МДҲ миссияси раисининг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикасидаги сайловлар очиқ, шаффоф, демократик тамойилларга мувофиқ равишда бўлиб ўтди. МДҲнинг Ўзбекистондаги миссияси сайловларнинг ташкилотчилик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишди ва унинг юқори савияда ўтказилганлигига урғу беришди. Барча сайлов участкаларида аниқ ва қонунчиликка тўла риоя қилинганлигини айтишди. МДҲ миссияси вакилларининг аксарияти бундан аввалги президентлик сайловларида бўлганликлари, бу сафаргиси эса олдинга ташланган дадил қадам сифатида қайд этилганлигини эътироф этишди. 

МДҲ миссияси раиси Сергей Лебедев Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сайлов жараёнларининг ёритиб борилиши, бу борада амалга оширилган ишлар, жумладан, пресс-клубнинг очилишини алоҳида таъкидлади. У сайлов давомида юзлаб онлайн-интервьюлар бериб борилганига диққатни қаратди. Журналистлар учун сайловларни ёритишга қулай техник имкониятлар яратиб берилган бўлса, партия номзодлари учун ўз дастурларини баён қилиш учун тўлиқ шароит яратилгани тараққиётдан дарак беришини айтди. 

Бундан ташқари, МДҲ миссияси вакиллари Ўзбекистондаги сайловчиларнинг фаоллик даражасини юксак баҳолашди ва бу ўзбек халқининг ўз келажагига бефарқ эмаслигидан далолат беришини таъкидлашди. 

Вакиллар, шунингдек, сайловда илк марта иштирок этган 18 ёшдаги фуқароларга бўлган эътиборни мақтовга сазовор деб атади ва бу ёшларнинг ҳаётида бир умрга муҳрланиб қоладиган муҳим воқеа бўлиб қолишига умид билдирди. 

Сайловни ўтказишда камчиликлар деярли бўлмаганини эътироф этди. Ягона эътироз - баъзи инсонларнинг ўзи билан бирга оила аъзолари паспортини олиб келганлиги, лекин участка ходимларининг уюшқоқлиги натижасида бу ҳолатга барҳам берилганлиги айтилди. Мисол сифатида бир йигитнинг хаста онасининг паспортини ўзи билан бирга олиб келганлиги, бироқ сайлов участкасидагилар ўзлари йигитнинг уйига бориб, онасининг шахсан ўзи овоз беришига эришишгани келтирилди. Шу боис бу ҳолатни қонун бузилишига кирмаслиги таъкидланди. 

Сайловларни ўтказишда президентликка номзодларнинг юқори маданий савиясига урғу берилди ҳамда Ўзбекистондаги сайловларни АҚШдаги президентлик сайловлари билан қиёсланди. Америкалик номзодлар бу борада Ўзбекистон номзодларидан ибрат олса арзиши таъкидланди. Ўзбекистонда ҳеч қандай қора "пиар" бўлмаганлиги МДҲ миссияси вакилларини қувонтирганлиги қайд этилди. 

"Ҳамдўст мамлакатнинг ана шундай юқори савияда Президентлик сайловларини ўтказганлиги бизни қувонтирди. Эътибор бериб қаралса, Ўзбекистондаги ҳар бир партиянинг номида демократия сўзи иштирок этар экан ва бу жуда яхши. Демак улар учун халқнинг хоҳиш-истаклари - биринчи ўринда", - деди мамнуният билан Лебедев. 

МДҲ миссияси томонидан Ўзбекистондаги катталар ва болаларга бўлган алоҳида эътибор, оилавий қадриятлар таҳсинга сазоворлиги таъкидланди. 

"Оила юқори маданиятнинг бир кўринишидир. Ғарб оилага бўлган муносабат масаласида сиздан ўрнак олиши керак! Кўчалар, сайлов участкаларидаги тозалик, тартибга риоя қилиш, кўнгиллиларнинг ёрдамга келиши - барчаси кишини қувонтиради. Шуни таъкидламоқчи эдимки, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида биринчи марта овоз беришга келган ёшларга бундай катта эътибор берилмайди", - дея сўзларини якунлади МДҲ миссиясининг яна бир россиялик вакили.
 

Мавзуга оид