Ўзбекистон | 16:45 / 07.12.2016
219285
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 2017 йил номини эълон қилди

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь, чоршанба куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ва санъат намояндалари, пойтахт жамоатчилиги, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев тантанали йиғилишда маъруза қилди. Президент кириб келаётган янги — 2017 йилни Ўзбекистонда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президентининг бу таклифи йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш анъанага айланган. 1997—2016 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:

2016 йил — Соғлом она ва бола йили
2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили
2014 йил — Соғлом бола йили
2013 йил — Обод турмуш йили
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
2010 йил — Баркамол авлод йили
2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
2008 йил — Ёшлар йили
2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили
2004 йил — Меҳр ва мурувват йили
2003 йил — Обод маҳалла йили
2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили
2001 йил — Оналар ва болалар йили
2000 йил — Соғлом авлод йили
1999 йил — Аёллар йили
1998 йил — Оила йили
1997 йил — Инсон манфаатлари йили

Мавзуга оид