Жамият | 13:24 / 08.12.2016
13852
3 дақиқада ўқилади

Олимлар: Альцгеймер касаллигини даволашнинг инқилобий усули топилди

Фото: Fotolia

MIT олимлари Альцгеймер касаллигини даволашнинг инқилобий усулини ихтиро қилишди - маълум бўлишича, хаста кемирувчилар миясида гамма-тўлқинларни рағбатлантириш иммун тизимини миядан "оқсил чиқинди"дан халос бўлишга мажбур қилар экан. Бу ҳақида Nature журналида хабар берилди. 

"Бу усул инсонда ҳам натижа берадими ёки йўқ - номаълум. Кўп тадқиқотлар сичқонларда натижа кўрсатади, бироқ инсон иштирокидаги клиник синовларда муваффақиятсизликка учрайди. Агар бизнинг усулимиз инсонларда ҳам иш берса, у ҳолда олдимизда улкан муаммолар ечими пайдо бўлади, зеро бундай муолажани ўтказиш жуда осон ва у организм фаолиятига аралашувни талаб қилмайди", - деди Массачусетс технология институтидан Ли Хуэй Цай. 

Альцгеймер касаллиги нейронлар ичида патоген модда - бета-амилоид оқсилининг тўпланиб қолиши натижасида юзага келади. У зиён етган нейронларни "таъмирлаш" ва улар орасидаги алоқаларнинг шаклланиш жараёнларида иштирок этувчи АРР оқсиллар "бўлаклари"дан ҳосил бўлади. Ушбу оқсилнинг эски молекулаларини қайта ишлашдаги бузилишлар асаб ҳужайраларининг парчаланишига олиб келади. 

Цай ва унинг ҳамкасблари Альцгеймер касаллигининг ривожланишига олиб келувчи бу оқсилнинг нейронларда тўпланиш ёки бошқа бирор жараёнлар асоратларини жуда оддий усулда - мияда соғлом нейронларни ишлаб чиқарувчи "нормал" мия тўлқинларини қайта тиклаш орқали бартараф этиш мумкинлигини аниқлашди.

Мия тўлқинлари - миянинг асаб ҳужайралари фаоллиги натижасида юзага келувчи ўзига хос электрик тебранишлар. Тебранишлар, масалан, инсоннинг ҳозир нима ҳақида ўйлаётгани, нималар билан шуғулланаётгани ва унинг миясида қандай бошқа жараёнлар юз бераётганини акс эттиради. Яқинда олимлар уйқу вақтида муайян мия ритмларини рағбатлантириш хотиранинг яхшиланишига олиб келишини аниқлашди. 

Олимлар гамма-тебранишлар фаолияти сунъий равишда рағбатлантирилса, мияда қандай ўзгаришлар юз беришини кузатишга қарор қилишди. Бунинг учун биологлар гамма-тўлқинлар ишлаб чиқувчи мия ҳужайраларида махсус оқсиллар бўлган сичқонларнинг янги популяциясини ўстиришди. 

Мазкур ғояга асосланиб, олимлар сичқонлар мия ҳужайраларини 40 герц частотали лазер импульслари билан нурлантириб, гамма-ритмларни қайта тиклашга ҳаракат қилишди. Ушбу жараён деярли кутилмаганда тез натижа берди - бир неча соатдан кейин уларнинг мия нейронларидаги бета-амилоид концентрацияси икки карра пасайди ва бир неча кун давомида шундай ҳолат сақланиб қолди. 

Нима учун бундай бўлганини ҳозирча олимлар ҳам билишмайди. Улар мияни тозалашнинг бундай усули қандай иш бергани ва унинг нима учун гамма-ритмлар билан боғлиқлигини яқин келажакда билиб олишга умид қилишмоқда. 

Мавзуга оид