АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер The National Interest нашрида дастурий мақолани тақдим этди. Унда ёзилишича, Пентагоннинг асосий ютуғи доимий инновацияларнинг татбиқ этилишидадир. Эртами-кечми, улар АҚШ қуролли кучларига ишончли ғалабани олиб келувчи салоҳиятли қуролга айланади.
Назарий физика фанлари доктори ва АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер янги сайланган президент Дональд Трамп инагурациясидан кейин Барак Обаманинг демократик маъмурияти билан бир қаторда ўз лавозимини тарк этади. У Пентагонни "беш бурчакли бино ташқарисида ҳам ўйлаш"га чақирди.
"АҚШ қуролли кучларининг устуворлиги уларга умрбод берилган ҳуқуқ эмас. Бу ҳуқуқ устида ҳозирги рақобатли даврда қайта-қайта ишлаш керак", - дея таъкидлади Картер.
Вазир Пентагоннинг ўзи томонидан ҳарбий идоранинг умумий сайтига уюштирилган хакерлик ҳужумлари борасидаги таассуротлари билан бўлишди.
Унинг сўзларига кўра, "ҳужум"ларда иштирок этган ўсмир Дэвид Дворкин "ҳарбий кийимда юрмайди, АҚШ ҳукуматидан маош олмайди, бироқ бу йил у Америка қуролли кучларини янада қудратли бўлишига катта ҳисса қўшиб, ўз мамлакати хавфсизлигини мустаҳкамлади".
АҚШ мудофаа вазирлиги сайтларини текшириш мақсадида амалга оширилган "ҳужум"да 1,4 мингга яқин дипломли "оқ хакер" (ахборот тизимларидаги камчиликларни топиб, қонун доирасида пул ишлайдиганлар) қатнашган. Ҳужумга старт берилган вақтдан бошлаб 13 дақиқа давомида АҚШ мудофаа вазири сервисларидаги илк камчиликлар топилди. Кун охирига бориб, уларнинг сони 138тани ташкил қилди. Дворкин томонидан аниқланган камчиликлар ҳам шулар жумласидандир. Хусусий компаниялар ҳам хавфсизликни таъминлаш мақсадида ана шундай чораларни қўллаб туришади. Дворкиннинг таъкидлашича, у Netflix ва Uber компанияларида ҳам бир қатор камчиликларни топиб, уларни компаниялар раҳбариятига етказган. У одатда бундай хабарларни муайян мукофот пули эвазига бажаради, лекин Пентагонга амалга оширилган хакерлик ҳужуми, ўсмирнинг сўзларига кўра, ватанпарварлик ва бурч ҳисси туфайли адо этилган.
Картернинг маълум қилишича, BBC учувчисини тайёрлаш АҚШга умумий ҳисобда 150 мингга тушади. Ҳарбий идоранинг компьютердаги заифлигини баҳолаш ва унинг ҳимоясини тўлиқ текшириш учун ташқаридан бирор бир фирмани жалб этиш эса, ундан-да қимматга тушади.
"Бироқ бу мудофаа вазирлигининг қобилиятли штат кибермутахассисларини шу турдаги ишлардан халос этиб, ўз эътиборини ундан-да муҳим нарсаларга қаратишга имкон беради", - деб ёзади Картер.
Эштон Картернинг сўзларига кўра, Пентагон томонидан ташкиллаштирилган хакерлик ҳужумлари натижасида АҚШ ҳарбий идорасининг энг мураккаб технологик муаммолари ечими Американинг ҳар қандай фуқароси томонидан топилиши мумкин.















