Жаҳон | 13:32 / 21.12.2016
6991
3 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби: “бизда қамоқ ҳам, прокурор ҳам, суд ҳам йўқ”

Фото: ria.ru

БМТ бош котиби Пан Ги Мун ташкилотда ўзининг жазо тизими йўқлигидан афсусда эканини билдириб ўтди. Унинг фикрича, бундай чоралар жиноят содир этган тинчликпарварларга нисбатан қўлланилиши керак.

Бу ҳақда бош котиб Россия ахборот агентликларига берган интервьюси чоғида айтиб ўтган.

БМТ сўнгги пайтларда ташкилот тинчликпарварлари сабаб танқид остига олинди. Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг жорий йилдаги маълумотларига кўра, ҳарбий хизматчилар Марказий африка республикасида жинсий зўравонлик, шунингдек камида 18 кишининг қотиллигига алоқадор экан. Бу ҳолатлар 2013-2015 йилларда рўй берган. БМТ бош котибининг март ойида тақдим этилган ҳисоботига кўра, ташкилотнинг тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича миссияси фақатгина 2015 йилда БМТ ходимлари томонидан амалга оширилган жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида 69 та мурожаатни қабул қилиб олган. 23 ҳолатда қурбонлар вояга етмаган шахслар бўлган.

Шунингдек, мутахассисларнинг фикрича, БМТ тинчликпарварлари Жанубий Судан пойтахтида 11 июль куни юз берган ҳодисаларга “етарли даражада жиддий ёндашмаган”. Ўшанда армия аскарлари Жубада ишловчи гуманитар ходимларга ҳужум қилиб, уларнинг номусига тегишган.

“Бундай вазиятлар юз берганда, биз биринчи бўлиб жавобгар бўлган тинчликпарварларни хизматдан четлатишга ҳаракат қиламиз. Баъзи ҳолларда эса уларни махсус хоналарга жойлаштириш ҳам талаб этилади. Жиноятнинг оғирлигига қараб биз уларни ўз мамлакатларига жўнатиб юборамиз”, - дея таъкидлаб ўтди Пан Ги Мун.

“Мени хавотирга солаётган ягона муаммо – тизимли, ташкилий масаладир. БМТда уларни жазолаш учун тизим йўқ. Улар жиноят содир этганда – биз бу ишга аралашган кишиларни чиқариб юбориб, ўз давлатларидаги қонунчиликка кўра жазоланишларини сўрашимиз мумкин, холос”, - дея айтиб ўтди бош котиб. Унинг таъкидлашича БМТда “қамоқ ҳам, прокурор ҳам, суд ҳам йўқдир”. 

Маълумот учун, бутунжаҳон ташкилотнинг саккизинчи раҳбари 31 декабрь куни ўз лавозимини тарк этади. БМТга 1 январдан бошлаб португалиялик Антониу Гутерреш бош котиб бўлади.
 

Мавзуга оид