Жамият | 13:10 / 29.12.2016
34753
3 дақиқада ўқилади

Сохта “Coca-cola” ва “Fanta”лар фош қилинди

Фото: Customs.uz

Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Жиззах туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида сохта тадбиркорлар фош қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Мазкур туманда истиқомат қилувчи К.Бектурдиевнинг (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ўз хонадонида яширин цех фаолиятини йўлга қўйгани аниқланди. Бу ерда қўлбола усулда оддий ичимлик сувига турли синтетик аралашмаларни қўшилган ҳамда ҳосил бўлган суюқлик  кислород баллони орқали газланган. Сўнгра “тайёр” маҳсулот “Coca-cola”, “Fanta” каби таниқли савдо белгиларининг ёрлиғи туширилган 1,5 л. ҳажмдаги елим идишларга қуйилган. Шу тариқа контрафакт маҳсулотлар савдо расталарига йўл олган ва харидорларни алдаш йўли билан пуллаб келинган. 

Тезкор тадбир давомида ушбу “цех”да қиймати салкам 2 млн. сўмлик қўлбола усулда тайёрланган ва табиийки, истеъмолга яроқсиз 124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, Жиззах туманида яшовчи яна бир фуқаро Ж.Болтаеванинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйилди. Амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида унинг хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам яширин цех фаолият олиб бораётгани аниқланди. Юқоридаги “хамкасби”дан фарқли ўлароқ Ж.Болтаеванинг тутган йўли бироз бошқачароқ. У бозорда нисбатан арзон бошқа номдаги, яъни “Aqua-cola” ичимликларини “Coca-cola” идишларига қуйиш ва қўшимча газлантириш орқали қимматроқ пуллаш билан шуғулланиб келган. 

Ушбу хонадондан, қиймати 1,2 млн сўмдан ортиқ қўлбола усулда тайёрланган, истеъмол учун яроқсиз 213 дона “Coca-cola” ичимликлари ва кислород баллони ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.  

Хабарда айтилишича, ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
 

Мавзуга оид