
Эл-юртини севган, унинг тараққиёти ва фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилган фарзандларни тарих ҳам сийлайди. Халқимизнинг тинч, тўкин ва барқарор ҳаёти, ёруғ келажаги йўлида курашган инсонлар номи ҳақли равишда абадиятга дахлдордир.
Бу жиҳатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги қарори билан ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги эзгу ишларда яққол намоён бўлмоқда.
28 декабрь куни ўзбек адабиёти, санъати ва илм-фан соҳаси вакиллари, адибнинг мухлислари, ёшлар пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Ал-Хоразмий 1-тор кўчаси 7-уйда жам бўлди. Атоқли шоир 1966-2016 йилларда яшаб, ижод қилган бу хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Бадиий академия раиси ўринбосари Ф.Тошмуҳамедов, адабиётшунос олим И.Ғафуров ва бошқалар атоқли шоиримизнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб эканини таъкидлади. Эркин Воҳидов адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам феномен – ноёб ҳодиса эди.
– Менга қарийб ярим аср шундай беназир ижодкор билан қўшни яшаб, яқин ҳамсуҳбат бўлиш бахти насиб этган, – дейди шоирнинг дўсти Абдукарим Усмонхўжаев. – Эркин Воҳидов ўзбек мумтоз шеъриятини замонавий бадиий усуллар асосида янги босқичга олиб чиқди, унинг ижоди ХХ асрдаёқ катта бир дарёга менгзалгани бежиз эмас. Шоир хотирасини абадийлаштириш борасидаги бу эзгу ишлар халқимиз ва давлатимиз ўзининг «оқ суту туз ҳурмати»ни оқлаган дилбар фарзандини муносиб қадрлаётганининг гўзал бир ифодасидир.
Тадбир иштирокчилари ва адибнинг оила аъзолари атоқли шоир қабрини зиёрат қилди. Шоир қабрига гул қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш, ижодкорлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги юксак эътибор ифодаси эканини, атоқли шоиримиз ижоди ва унинг адабиётимизда тутган ўрни, ҳамиша ёш авлодни янгича тафаккур билан яшашга ундашдаги аҳамиятини таъкидлади.













