Екатеринбургда ижтимоий васийлик органи 12 ёшли ҳомиладор қизни лўлилар қишлоғидан олиб кетди. Унинг эри ва катта ёшли қариндошлари қизни уйга қайтришмоқчи. LIFE нашри шу ҳақида маълумот берди

Қизнинг 16 ёшли турмуш ўртоғи Петро уни қайтаришларини талаб қилмоқда. Петро усиз яшолмаслиги ва ўзини қўйишга жой топа олмаётганини таъкидламоқда. "Нима учун мени ундан айиришди?" дейди у тушуна олмай. 

Петро Екатеринбургда туғилган. У шу ерда, Шекспир кўчасида яшовчи лўли. Икки йил аввал, яъни 14 ёшида у 10 ёшли омсклик қиз билан танишиб қолган. Қизча холасиникига меҳмонга келган бўлган. 

"Уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолдим. Биз икки ҳафта бирга сайр қилдик, мен уни ширинликлар ва гуллар билан сийладим, у истаган нарсаларини сотиб олдим, кинога бордик. Шундан сўнг ота-онамга уйланмоқчи эканлигим ҳақида айтдим. Улар қизнинг яқинлари билан шу мавзуда гаплашишга кетишди", - дейди Петро. 

Манбага кўра, ота қизи Лаурани ёлғиз тарбия қилган, шу сабабми қизни бажонидил уларга топширган. Катта тўй бўлиб ўтган. 

Улар Петронинг ота-онаси билан бирга яшашган. Тўйдан бир ярим йил ўтгач, фарзандли бўлишга қарор қилишган. Декабрь ойида 12 ёшли Лаура ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва оғриқдан ҳушидан кетган. Тез ёрдам машинаси чақирилган. Шифокорлар қизнинг 18 ҳафталик ҳомиласи борлигини маълум қилишган. Шундан кейин қизни вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришган, ҳужжатлар эса Тергов қўмитасига топширилган. 

Петронинг сўзларига кўра, қиз ҳар куни унга қўнғироқ қилиб йиғлайди. 

Лаура жойлаштирилган марказда ташқаридан келган кишиларнинг у билан мулоқот қилишига йўл қўйилмади, зеро бунинг учун васийнинг рухсати керак, у эса йўқ. Шундай бўлса-да, тергов қўмитасидаги манбага кўра, қиз хотиржам, бошқа болалар билан осон тил топишган. Унинг қариндошлари марказга киритилмади, чунки уларнинг қизга қариндошликларини исботловчи бирор бир ҳужжат йўқ. Умуман олганда, қизнинг ҳам ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Марказ ходимининг сўзларига кўра, Лауранинг аҳволи яхши. Ходимларининг деярли барчаси бу вазиятдан ҳайратда - бу улар дуч келган биринчи шундай ҳолатдир. 

Қизнинг ўзи ҳаммаси икки томоннинг розилиги билан бўлганлигини таъкидламоқда. У Петро ва опаси ҳақида кўп гапиради, уйига кетишни хоҳлайди. Лаура туғруқ жараёнидан қўрқаётган бўлса-да, ўзи ҳақида бўлғуси она сифатида сўзламоқда.