Антониу Гутерриш 2017 йилнинг биринчи кунидан расман БМТ бош котиби сифатида иш бошлади. У жанубий кореялик Пан Ги Муннинг ўрнини эгаллади.
Ташкилот тарихида саноқ бўйича тўққизинчи бош котиб бунгача Ғарбий Европа вакили, Португалиянинг собиқ бош вазири ва қочқинлар иши бўйича олий комиссар сифатида фаолият юритган.
Гутерриш БМТга янгича ҳаёт бахш этиши кутилмоқда. У шу йил давомида бир неча босқичда ўтказилган сайлов якунида 12 рақобатчисини ортда қолдириб ғолиб бўлди. У Словениянинг собиқ президенти Данило Тюркни бироз ортда қолдирди. Сайловдаги номзодларнинг 7 нафари аёл киши эди.
Маълумот учун, бош котибни Хавфсизлик кенгаши аъзолари сайлайди. Унинг доимий аъзолари (Россия, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Хитой) номзодга тақиқ қўйиш ҳуқуқига эга, бироқ ўз давлатларидан даъвогарни тақдим этолмайди. Якуний қарор БМТ Бош ассамблеяси томонидан тасдиқланади.
Антониу Мануэль де Оливейра Гутерриш 1949 йилда Лиссабонда таваллуд топган. У Олий техника институтида муҳандислик иши ва физикани ўрганган.
У 1971 йилда олий таълим муассасасини тугаллаб, катта ўқитувчи лавозимида академик карьерасини бошлаган.
1974 йилда тақводор католик Гутерриш Социалистик партияга аъзо бўлган ва тез орада ўзини буткул сиёсатга бағишлашга қарор қилган.















