Ўзбекистон | 01:57 / 08.01.2017
53246
4 дақиқада ўқилади

Прокуратура фаолияти қайси соҳаларда оқсаётгани кўрсатиб ўтилди

Фото: Prokuratura.uz

2017 йилнинг 7 январида прокуратура ходимлари билан бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев етарлича назорат ўрнатилмаган соҳалар ҳақида сўз юритди. 

"Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам етарли назорат ўрнатилмаган. Оқибатда оналар ўлими Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида, гўдаклар ўлими эса Тошкент ва Сирдарё вилоятларида кўпайгани кузатилмоқда. Нима учун бир гўдакнинг ўлимидан кейин ўша вилоят прокурори жар солмайди? Нимага бунинг тагига етиб борилмайди? Кимнинг айби билан ҳаётдан кўз юмди булар? Нима учун шифокор ўз вақтида қарамаган? Шунинг учун ҳаммасини яхшилаб ўйлаб ёзинглар, ҳаммаси учун жавоб берадиган вақт келди. Бу барча соҳаларга тегишли!", - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. 

Шунингдек прокуратура идоралари томонидан тўлов интизомига оид қонунлар ижроси устидан етарли назорат олиб борилмаётганлигига ҳам эътибор қаратилди. Бунинг оқибатида ўтган йили Тошкент шаҳри ҳамда Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари дебитор қарздорлик даражаси ошгани давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди. Бунинг олдини олиш, судгача етказиш ва  назорат қилиш ишларига бефарқ қаралганлигига ишора қилинди. 

Шу билан бирга ёқилғи ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда коммунал хўжалик соҳасида прокурор назорати талаб даражасида эмаслиги таъкидланди. Бу соҳада кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги айтилди. 

"Коммунал тўловлари соҳасида умумий қарздорлик кун сайин ўсиб бораётгани ва жуда катта рақамларни ташкил этаётгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак", - деди Ш. Мирзиёев. Бундай ҳолатлар айниқса, Тошкент, Жиззах, Андижон, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кескин ошиб кетгани афсус билан қайд этилди. Прокурорлар бу масалада ҳам жавоб бериши таъкидланди. 

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қатор камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди - ердан ноқонуний фойдаланиш, уни талон-тарож қилиш, уй-жой қуриш ва бошқа мақсадларда фойдаланишга асоссиз йўл қўйиб келинганлигига эътибор қаратилди. Мисол тариқасида 7665 гектар ер майдонидан ноқонуний  фойдаланиб келингани кўрсатилди. Албатта бу ерда бошқа идора вакилларининг ҳам айби борлиги, лекин қонун устуворлиги прокурорлар томонидан таъминланиши кераклиги таъкидланди. 

Шуларнинг барчасидан келиб чиққан ҳолда прокуратура органлари қуйидаги долзарб масалаларга алоҳида эътиборни қаратиши шарт эканлиги қайд этилди:

- иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг кечиктирилиши, меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқ бузилишига муросасиз бўлиш;

- электр, табиий газ ва бошқа коммунал тўловлар қонунийлиги ва асослилиги устидан назорат ўрнатиш;

- аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва бандликни таъминлаш соҳасида назоратни кучайтириш;

- алоҳида ҳимояга муҳтож бўлган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақа тайинлашда ижтимоий адолат принципини таъминлаш.

Tas-IX

Мавзуга оид