14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

Жумладан, Ўзбекистон раҳбари хотин-қизлар қўмитаси раисига бир қатор вазифалар белгилаб берди.

“Бугун Бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоевадан кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифалар бўйича жавоб беришни ва уларни амалда ҳал этиш юзасидан аниқ таклифларни кутамиз. 

Биринчи вазифа – биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. 

Иккинчи вазифа – аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ. 

Учинчи вазифа – аёлларни уларга муносиб меҳнат билан бандлигини таъминлаш масаласидир. Аёллар учун доимий иш жойлари яратиш борасидаги муҳим масала билан бир қаторда, оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш ишлари ҳам оқсамоқда. 

Бу ўринда расмиятчиликка, қоғозбозликка, ҳатто кўзбўямачиликка берилиш ҳолатлари ҳам кам эмас ва бу ҳақда кўплаб ҳаққоний мисолларни келтириш мумкин. Савол туғилади: кимни ва нима учун алдаяпмиз? 

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари Т.Норбоева бошчилигида Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Нуроний”, “Маҳалла”, “Камолот” тузилмалари, Дин ишлари бўйича қўмита, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбар ва мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилсин. 

Ушбу гуруҳлар жорий йилнинг 20 январидан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига бориб, уч ой давомида кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, мавжуд вазиятни чуқур ва пухта ўрганади, таҳлил қилади ва жойлардаги оддий оилалардан, кўпни кўрган отахон ва онахонларимиздан ҳам таклифлар олади.