14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди.
Жумладан, Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталиб ўтди.
“2016 йилда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилди.
Шу билан бирга, 2016 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва устувор вазифаларни бажаришни таъминламаган айрим раҳбарларга бугун ҳукумат мажлисида алоҳида баҳо бериш зарур, деб ҳисоблайман.
Биринчи – бу ер майдонларини оптималлаштиришдаги камчиликлар. Тошкент, Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бу жараён талаб даражасида ўтказилмаган.
Халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича номзодлар танлашда жиддий хатоларга йўл қўйилган.
Иккинчи – айрим фермер хўжаликлари етарлича айланма маблағлар, зарур техника ва бошқа моддий-техник ресурсларга эга эмас. Бу қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигига, шартнома мажбуриятлари бажарилишига ва фермер хўжаликларининг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Учинчи – ишлар етарли даражада ташкил этилмагани ва айрим раҳбарларнинг, жумладан, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах ва Бухоро вилоятлари собиқ ҳокимларининг шахсий масъулиятсизлиги сабабли бир қатор туманлар ва фермер хўжаликларида кутилган даражада пахта ҳосили олинмади.
Косонсой, Ангор, Музработ, Қизириқ, Шеробод, Қуйичирчиқ, Қўштепа туманларида пахта сотиш бўйича шартнома мажбуриятлари 60-65 фоиз даражасида қолиб кетган. Зарбдор, Пахтакор, Арнасой, Мирзаобод, Ховос, Сардоба, Гулистон, Чуст ва Бекобод туманларида давлат захираси учун ғалла етказиб бериш мажбуриятлари бажарилмаган.
















